Ҳаммаси пул босиб чиқаришдан бошланган. Ўзбекистон иқтисодиёти дунёга қандай ёпилган эди?
То 2017 йилгача амалда бўлган валюта конвертацияси билан боғлиқ чекловлар туфайли Ўзбекистон узоқ йиллар халқаро савдо учун ёпиқ мамлакатга айланганди. 90-йилларда Марказий банкда ишлаган иқтисодчи Комилжон Акрамовнинг айтишича, конвертациянинг ёпилиши – давлат ўша вақтдаги иқтисодий муаммолар ечими сифатида ХВЖнинг қаршилигига қарамай пул чоп қилишга қарор қилиши ортидан рўй берган.
Иқтисодчи олим, Халқаро озиқ-овқат муаммоларини ўрганиш институти (IFPRI) катта илмий ходими Комилжон Акрамов иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов билан суҳбатда Ўзбекистондаги озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва истеъмол муаммолари, зарур маълумотларни топишнинг қийинлиги, ўтган асрнинг 90-йилларида Ўзбекистон иқтисодиётидаги жиддий хатолар ҳақида тўхталиб ўтди.
Очарчилик муаммоси: тарих ва бугун
Ўтган асрнинг 70-йилларида очарчилик катта муаммо бўлган. Айниқса, колланиал тузум тугаганидан кейин, Жанубий Осиёда яъни Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Непал ва Шри-Ланка каби давлатларда бу жиҳат жуда долзарб ҳисобланган. Кейинчалик “Яшил инқилоб” содир бўлиб, буғдой, маккажўхори каби асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг янги навларини экиш ва етиштириш бошланади. Бунинг натижасида унумдорлик ошади. Шу жиҳатдан, очарчилик муаммоси кўп мамлакатларда ўз ечимини топди.
Ҳозирда иқлим ўзгариши ва урушлар туфайли Сомали, Эфиопия ёки Судан каби давлатларда очарчилик локал муаммо сифатида бор, лекин глобал миқёсида катта муаммо сифатида кўрилмайди.
Битта инсон кунига 2200-2250 ккал истеъмол қилиши керак, лекин бу калорияни фақат нон ёки шакар истеъмол қилиб ҳам олиш мумкин. Аммо инсон яшаши учун фақат калориянинг ўзи етарли эмас, бир қанча турдаги витаминлар ҳам керак бўлади. Бугунги кунда сифатли овқатланиш соҳадаги асосий муаммо ҳисобланади. Илмий тилда бу яширин очлик (hidden hunger) дейилади.
Нотўғри овқатланиш сабаблари
Нотўғри овқатланишга бир томондан иқтисодий жиҳатдан имкониятнинг етишмаслиги, иккинчи томондан етарли даражада маълумотга эга эмаслик сабаб бўлиши мумкин. Масалан, Ўзбекистонга ўхшаган камбағал мамлакатларда пул етишмаслиги ахборот етишмаслигига қараганда каттароқ масала. АҚШга ўхшаган ривожланган Ғарб мамлакатларида эса, бу борадаги асосий муаммо одамларда тўғри овқатланиш бўйича билим ва кўникманинг камлигидир.
Бунинг олдини олиш учун маълум ишлар ҳам олиб борилади. Масалан, Чикаго штатида Соса-Соlаʼга алоҳида “sin tax” (зарарли маҳсулотлар сотиб олинаётгандаги қўшимча солиқ) бор.
Ўзбекистондаги овқатланиш сифати
2017 йилда UNICEF ва Ўзбекистон Статистика қўмитаси(ҳозири Статистика агентлиги) ўтказган тадқиқотга кўра, мамлакатдаги ҳар 10 нафар боладан биттаси “stunted”(ривожланиш ва ўсишдан ортда). Бу жуда ёмон кўрсаткич эмас. Солиштириш учун, тўқсонинчи йилларда бу кўрсаткич 30 фоиздан, 2010 йилларда 20 фоиздан баланд бўлган. Ҳар 10 нафардан бир нафар боланинг “stunted” бўлиши, албатта, ёмон, аммо бу кўрсаткич динамикасининг пасайиб бораётганлиги яхши. Шунингдек, 2017 йилдаги рақамлар ҳам бутун Ўзбекистон бўйича олинган ўртача натижа. Бу ерда Тошкент шаҳри ва чекка вилоятлар ўртасидаги тафовут сезиларли даражада фарқ қилади.
Марказий Осиё мамлакатларидаги истеъмол сифати ҳақида тўхталадиган бўлсак, ўзбекистонликлар қозоғистонликларга нисбатан ёмонроқ калория истеъмол қилади. Бу ерда сезиларли фарқлар мавжуд. Ўзбекистонликларга нисбатан тожикистонликлар ёмонроқ калория истеъмол қилади, аммо бу ерда катта фарқлар мавжуд эмас.
Бу борада яхши таҳлиллар ўтказса бўлади, аммо Ўзбекистондаги энг катта муаммолардан бири маълумотларнинг етишмаслигидир. Бундан ташқари, бор маълумотларда ҳам хатоликлар кўп. Тўғри, хатоликларсиз маълумотларни тўплаб бўлмайди, ҳатто АҚШда ҳам бу имконсиз. Аммо хатолар систематик ва сунъий яратилаётган бўлса, уни тўғрилаш жуда қийин.
Умуман олганда, Ўзбекистонда овқатланиш бўйича тадқиқотлар жуда кам. Биз ҳам UNICEF’нинг 2017 йилда ўтказган сўровнома натижаларидан келиб чиқиб фикр билдирдик. Ёки камбағалликни ўлчаш кўрсаткичини олайлик. Бир йил ичида 17 фоиздан 14 фоизга туширилгани эълон қилинди. Бу қандай ўлчанганлигини биз билмаймиз. Бирор муаммони ечмоқчи бўлсангиз, уни тушуна олмасангиз, ўлчай олмасангиз, еча олмайсиз ҳам.
Статистика агентлиги томонидан ўтказиладиган сўровларда ҳам бирламчи кўрсаткичлар татбиқ қилинмайди.
Маълумотларни сохталаштиришнинг бошланиши
Мустақилликдан кейин ХВЖ билан ҳамкорликда монетар шарҳ каби ҳисоботлар ишлаб чиқила бошланган. Ушбу жамоада мен ҳам бўлганман. Иқтисодий жиҳатдан муаммолар пайдо бўла бошлаганидан кейин бу нарса монетар сиёсатга ҳам таъсир қилишни, маълумотлар устидан чизилишига олиб келган. Ўзбекистон иқтисодиёти ресурсларга боғлиқ. Пахта, олтин ва газнинг иқтисодиётдаги роли катта бўлган. Тўқсонинчи йилларнинг иккинчи ярмида жаҳон бозорида олтин ва пахтанинг нархи тушиб кетган. Хусусан, ўша пайтдаги олтиннинг жаҳон бозоридаги нархи ҳозирги кундаги нархга нисбатан 5-6 баробар паст бўлган. Бу нарса мамлакатнинг валюта сиёсатида қийинчиликлар келиб чиқишига сабаб бўлди. Натижада кўчадаги валюта курси билан давлат курси ўртасида тафовутлар пайдо бўла бошлаган.
Мустақилликнинг кейинги йилларида Ўзбекистон иқтисодий сиёсатидаги хатолар
Ўзбекистонда мустақилликдан кейин миллий валюта – сўм муомалага киритилган. Дастлабки 2 йилда вазият ёмон эмас эди. Айтганимдай, Ўзбекистон иқтисодиёти хомашё ресурсларига боғланган иқтисодиёт. Ўша пайтда асосий экспорт товарлари олтин ва пахта эди. Динамикага қарасангиз, 90-йилларнинг биринчи ярмида жаҳон бозорида олтиннинг нархи ҳам, пахтанинг нархи ҳам нисбатан баланд бўлган. 90-йилларнинг иккинчи ярмига келиб нархлар пасайишни бошлаган. Хусусан, 1994 йил билан 1997 йил солиштирилса, 70-80 фоиз атрофида фарқ бор эди.
1996 йил қишлоқ хўжалигида оғир йил бўлган. Эски тизим парчаланяпти, янги тизим эса яратилмаган. Ўша йили планлар бажарилмаган, ерлар ҳайдалмай қолиб кетган. Халқаро валюта жамғармаси билан ўзаро дастур бўларди. Улар мамлакатдаги бюджетни ёки валюта курсини ушлаш учун, умуман макроиқтисодий барқарорликни сақлаб туриш учун пул беради. Лекин маълум шартларни бажариш керак. Масалан, монетар агрегатларнинг ойлик қиймати белгилаб қўйилган, шундан ошириш мумкин эмас. Ёки пул массаси қанча бўлиши кераклиги бўйича техник талаблари бўларди.
1996 йилнинг охири 1997 йилнинг бошида маблағ керак бўлган. Энг осон йўли – пул чоп қилиш. Табиийки, ХВЖ бунга қарши бўлган. Аммо нимадир қилиш керак. Ҳозир Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигининг иқтисодиётдаги роли катта, ўша пайтда эса бундан ҳам анча каттароқ бўлган. Хуллас, бошқа ечим топилмаган ва пул чоп қилинган. Натижада катта миқдорда иқтисодиётга пул массаси киради ва айланиб-айланиб валюта бозорига кириб келади ва талаб ошиб кетади. Бошқа томондан олтин ва пахта нархларининг пасайиши сабабли валюта тушумлари камайиб кетяпти. Икки томонлама иқтисодий шок келиб чиққан. Натижада конвертацияни ёпишга мажбур бўлишган. Ўша пайтда курснинг пастга тушиб боришига қўйиб бериш ҳам ечим бўларди, ҳа, қийин, аммо тўғрироқ ечим бўларди.
Ўша пайтда Марказий банкда бундай қарор хато эканини тушунган кичкина бўлса-да, жамоа бор эди. Аммо мазкур иш қанчалик қимматга тушишини у пайтда тушуна олмаганмиз. Битта хато ортидан бошқа хатолар қилинаверилган. Яна пул чоп этилган, нақд пулни чеклаш бошланган, нақд ва нақдсиз пул ўртасида фарқ пайдо бўлган. Бу нарсаларни тўғрилаш учун эса яна хатолар қилинган.
Мавзуга оид
20:49 / 16.07.2024
“Ресторан вазирлиги тузилса, ресторанларнинг сифати тушиб кетади” — Беҳзод Ҳошимов
22:26 / 06.07.2024
“Ўзбекистонга кираётган инвестициялар камлиги – хавотирли” — Беҳзод Ҳошимов
20:30 / 02.07.2024
Энергетика, АЭС ва бюджет тақчиллиги — Беҳзод Ҳошимов билан суҳбат
15:02 / 28.05.2024