Ўзбекистон | 21:32 / 28.01.2026
5338
5 дақиқада ўқилади

ИИВ тизимида тайинловлар, 1 йил сақланадиган сим-карта ва муомаладаги сохта “права”лар – маҳаллий дайжест

Ички ишлар вазирлиги тизимида тозалашлар бугун ҳам давом этди. Туман ҳокими ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш департаментига раҳбар бўлди. Энди сим-карталарда пули қолмаганда ҳам рақамлар 1 йилгача ўчиб кетмайдиган бўлади. Давлат хизматлари марказлари минглаб фуқароларга қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномалари расмийлаштириб бергани маълум бўлди. Куннинг шу ва бошқа муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

ИИВда рокировкалар

Вазирнинг биринчи ўринбосари — Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи Аюбхон Раҳматуллаев лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини шу кунга қадар фавқулодда вазиятлар вазири бўлган Ботир Қудратхўжаев эгаллади.

Ички ишлар вазирининг ўринбосари — Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи Даврон Назармуҳамедов ҳам лавозимидан олиниб, унинг ўрнига Президент администрациясида ишлаб келган Диёрбек Сатторов тайинланди.

Амалда Миллий гвардияни бошқариб келган Рустам Жўраев ҳам ИИВ раҳбарига ўринбосар бўлди. У айни пайтда вазирликнинг Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи ҳам ҳисобланади.

Бу лавозим ўтган йил декабрида Бекмурод Абдуллаев ишдан олинганидан буён бўш турганди. Маълумот учун Бекмурод Абдуллаев 180 млрд сўмдан ошиқ давлат маблағини талон-торож қилганликда айбланиб қамоққа олинган.

Шунингдек, ички ишлар вазирининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари лавозимига Рустам Мирзаев тайинланди. У бунга қадар Президент администрациясида ишлаган.

Яна бир муҳим янгилик туман ҳокимининг қамоқхоналарни назорат қиладиган ташкилотга бошлиқ этиб тайинланиши билан боғлиқ. Тошкент шаҳри, Олмазор тумани ҳокими Азизхон Умархонов президент фармойиши билан Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи этиб тайинланди. Умархонов 2000 йилда ИИВ академиясини тамомлаган ва шундан кейин узоқ йиллар тизимда фаолият юритган. 2020 йилда ИИВ Жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган. 2021 йил август ойида Тошкент шаҳар Олмазор тумани ҳокими сифатида иш бошлаган эди.

Маълумот учун, Жазони ижро этиш департаментининг собиқ раҳбари Рустам Турсунов ўтган йили ноябрида лавозимидан олинган эди. У ҳам Бекмурод Абдуллаевга боғланадиган йирик миқдордаги коррупция ишида айбланиб, қамоққа олинган.

Миллий гвардия раҳбари ўзгарди

Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Баҳодир Тошматов Ўзбекистон Миллий гвардияси қўмондони лавозимига тайинланди. У 1992–1999 йилларда Мудофаа вазирлигида раҳбарлик лавозимларида ишлаган, 1999–2008 йилларда Мудофаа вазирлиги ҳарбий округлари қўшинларига қўмондонлик қилган. 2020 йил мартидан октябригача Президент давлат хавфсизлик хизмати (ПДХХ) раиси бўлган, шундан сўнг Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари этиб тайинланганди.

Мобил алоқа хизмати қоидалари ўзгартирилди

Ўзбекистонда Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш қоидаларининг янги таҳрири қабул қилинди. Ҳужжатда истеъмолчиларга қулайлик яратувчи қатор янгиликлар белгиланди.

Жумладан, мобил алоқа абонентлари шахсий ҳисобида маблағ хизмат кўрсатишни давом эттириш учун етарли бўлмаганда мобил алоқа оператори ва абонент ўртасида тузилган шартномани бекор қилиш («мавжуд бўлмаган рақам ҳолатига ўтказиш») муддати 2 ойдан 1 йилга узайтирилади.

Абонентлар амалдаги тариф режасини исталган бошқа тариф режасига бепул алмаштириши мумкин бўлади (бундан муайян гуруҳ ёки маълум чекланган ҳудуд учун ишлаб чиқилган алоҳида тариф режаларига ўтиш мустасно). Ҳужжат расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ойдан кейин (27 апрелдан) кучга киради.

2026 йилги “Очиқ бюджет” лойиҳалари тақвими эълон қилинди

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2026 йилда “Очиқ бюджет” порталида (openbudget.uz) жамоатчилик иштирокида ўтказиладиган жараёнлар тақвимини тақдим этди.

Йил давомида порталда “Ташаббусли бюджет”нинг иккита мавсуми, жорий ва кейинги ўқув йиллари учун “Менинг мактабим” ҳамда “Менинг боғим” лойиҳалари ўтказилади.

Хусусан, “Ташаббусли бюджет”нинг 1-мавсумида лойиҳа киритиш босқичи 1 февралдан бошланиб, 20 кун давом этади. Вазирликнинг эслатишича, жорий йилда лойиҳалар учун энг юқори қиймат чегараси белгиланган.

Минглаб одамга сохта “права” қилиб берганлар устидан тергов кетмоқда

Ҳайдовчилик гувоҳномалари сохталаштирилгани ҳолати юзасидан Давлат хизматлари маркази ходимлари ва бошқаларга нисбатан тегишли моддалар билан қўзғатилган жиноят иши бўйича Бош прокуратурада тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тергов жараёнида 8 та вилоятда — Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Самарқанд, Сирдарё, Наманган, Навоий, Андижон ва Қашқадарё ҳудудларида 1200 нафардан ортиқ фуқарога сохта ҳайдовчилик гувоҳномалари расмийлаштириб берилгани аниқланган.

Жиноят ишининг кенг ҳажмлилиги ва мураккаблигидан келиб чиқиб, Бош прокуратурада махсус тергов-тезкор гуруҳи тузилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид