Ўзбекистон | 22:47 / 21.10.2021
18915
4 дақиқада ўқилади

“Техник” сабаб билан уч марта кечиккан рейс: Бунинг учун жавобгарлик йўқми?

Uzbekistan Airways'нинг маҳаллий рейси бир неча бор кечиктирилди. Масъуллар буни техник сабаб дея изоҳлашди. Аммо Kun.uz мухбири ўзи тушган бу ҳолат техник сабаб эканига ишонмади.

17 октябрь кунги Термиз–Тошкент йўналиши бўйлаб чипта харид қилган мухбир пойтахтга уч марта кечиктирилган парвоз орқали етиб келди.

12:15 га белгиланган рейс аввалига 16:30 га кечиктирилди, кейин 18:30 гача қолдирилди, сўнгра рейс вақти яна сурилди – бу сафар 19:00 га. Шунда ҳам самолёт 19:21 да ҳавога кўтарилди.

“Термиз аэропортида рейснинг кечиктирилиши “техник носозлик” деб изоҳланди. Бироқ узоқ кутилган учиб кетиш аввалидаги ҳолат бу изоҳга нисбатан шубҳа уйғотиши мумкин эди.

Гап шундаки, соат 19:00 дан кейин самолёт иллюминаторидан бир ҳолатни кўриш мумкин эди: терминал томондан 20 га яқин йўловчи шошилганча олдинма-кетин самолёт томон югуриб келарди. Ваҳоланки, бу вақтда йўловчиларнинг бортга чиқиши тўхтатилгани аллақачон эълон қилинган, боз устига, кечиккан йигитларнинг аксари костюмда экани улар бир жамоа эканига ишора қиларди.

Нима бўлганда ҳам, расмий изоҳ максимал даражада қисқа: “техник носозлик!” Айнан қандай носозлик экани ҳақида мижозларга бироз бўлса-да қўшимча маълумот беришни миллий авиакомпаниямиз ўзига эп кўрмади.

Биз кутиш давомида масъуллардан бундай ҳолатда йўловчилар учун қандайдир чегирма, компенсация ёки бошқа имтиёз кўзда тутилгани ёки йўқлигига қизиқдик.

Дастлаб саволларимизга жиддий қарамаган, масъуллар журналист эканимизни айтганимиздан кейин дарров ўзгаришди. Саволларимизга амаллаб жавоб ола олдик (батафсил – видеода), бироқ... Рейс кечиккани учун йўловчиларга компенсация тўланиши кўзда тутилган, деб маълум қилган масъул кейинчалик телефони гўшагини ҳам кўтармади, ҳеч кимга компенсация тўланмади ҳам”, – дея ҳикоя қилади мухбиримиз.

Ҳаво транспортида йўловчи ва юк ташиш қоидаларига кўра, парвоз ташувчи томонидан белгиланган аниқ вақтдан кечикса, ташувчи йўловчига етказилган зарарни қоплаши шарт.

“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасига кўра, хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартнома шартлари бузилган тақдирда, истеъмолчи кўрсатилган хизмат нархи камайтирилишини талаб қилишга ҳақли.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 178-моддасига биноан маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Транспорт вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги каби мутасадди ташкилотлардан парвозни кечиктирганлик учун авиакомпаниянинг мижозлар қаршисидаги жавобгарлиги қандай бўлиши кераклиги борасида муносабат билдиришни сўраб қоламиз.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, Ҳаво транспортида йўловчи ва юк ташиш қоидаларига асосан, парвоз кечикканда йўловчига ташувчи томонидан қуйидаги қўшимча бепул хизматлар кўрсатилиши керак:

  • бир маротаба телефон орқали гаплашиш ёки телеграмма юбориш ёки бошқа алоқа хизматларидан фойдаланишни таъминлаш;
  • парвозгача кутиш даврида ёки транспортнинг бошқа тури орқали ташишгача бўлган вақтда озиқ-овқат ва ичимлик суви билан таъминлаш;
  • ташувчи қоидаларида белгиланган муддат кутиш вақтидан кўра кўпроқ бўлса, меҳмонхона билан таъминлаш;
  • кутиш вақтида транспорт орқали аэропортдан вақтинчалик яшаш жойигача элтиб қўйиш ва қайтишни таъминлаш;
  • чиптада назарда тутилган туташ рейсларга кечикиш билан боғлиқ харажатларни тўлаш.

Мавзуга оид