Бюджет дефицити ЯИМга нисбатан камида 4 фоиз бўлади — Жамшид Қўчқоров
2022 йилдаги бюджет тақчиллиги даражаси оширилиши мумкин. “Биз 3 фоиз тақчилликка сиғмаяпмиз. Дефицит камида ялпи ички маҳсулотга нисбатан 4 фоиз бўлади”, деди бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров парламентдаги чиқишида. Дефицит чегарасининг 4 фоизгача оширилиши қўшимча 8–8,5 трлн сўм давлат харажатларига тенг бўлиши мумкин.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида сўзга чиққан бош вазир ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоровнинг маълум қилишича, ҳукумат бюджет тақчиллиги бўйича белгиланган 3 фоизлик лимитдан ошишини прогноз қиляпти.
Дунё молия бозорида қарз олиш қимматлашди. Яъни Ўзбекистон қарз олувчи ёки инвестиция жалб қилувчи мамлакат ҳисобланади. Шу сабабли ҳам қарз бозорларидаги ҳолат биз учун жуда муҳим. Масалан, 2019 йилда биринчи марта евробондларни чиқарганимизда фоиз ставкалари 5 фоизга етмасди. Агар ҳозир суверен бонд чиқарадиган бўлсак, бу 7 фоиздан кам бўлмайди.
“Халқаро майдондаги вазият бизга ҳам ўзининг таъсирини ўтказмасдан қолмаяпти. Икки давлат ўртасидаги зиддият локал даражадан глобал даражага кўтарилди. Энергия ресурслари ва озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ошди. Умуман олганда, ҳозирги ҳолат бюджет параметрларига ҳам ўзгартириш киритишни тақозо этяпти.
Кейинги ҳафтанинг бошида жорий йилдаги “корректировка”лар бўйича охирги хулосага келамиз. Бюджет тақчиллиги даражасини ошириш бўйича Олий Мажлисга илтимос билан чиқамиз. Биз 3 фоиз тақчилликка сиғмаяпмиз. Дефицит камида ялпи ички маҳсулотга нисбатан 4 фоиз бўлади”, деди Қўчқоров.
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг эътибор қаратишича, бюджет дефицити чегарасининг 4 фоизгача оширилиши қўшимча 8-8,5 трлн сўмни ташкил этади.
“Эътибор беринг, бюджет дефицитининг ошиши ЯИМ мўлжалланганидан камайгани ёки бюджет даромадлари таъминланмаётгани учун эмас, харажатлар ошаётгани учун рўй бермоқда.
Бу қандай харажатлар бўлади, улар энди амалга ошириладими ёки орқа сана билан аллақачон амалга ошириб бўлинганми?
Агар бу харажатлар ҳаддан зиёд муҳим ва устувор бўлса, нега қонунда белгилангани каби бошқа харажатларни қисқартириш эвазига қилиш мумкинмас?
Ҳукумат ўзини ўзи харажатлардан чеклай олиши лозим, агар бунинг иложи бўлмаса, нормал парламент тасдиқланган бюджет бўйича янги харажатлар ва дефицитнинг оширилишига йўқ дея олиши зарур. Ҳукуматга йўқ дея олиши керак, нормал парламент”, дея ёзди Бакиров.
Мавзуга оид
13:25 / 19.10.2024
Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи” унвони берилди
08:50 / 12.10.2024
«2025 йилда энерготарифлар ислоҳотининг асосий босқичи якунланади» — бош вазир ўринбосари
22:19 / 11.10.2024
Ўзбекистон 2027-2028 йилларда электр ва газ улгуржи бозорига ўтишни якунлайди – Жамшид Қўчқоров
14:16 / 03.06.2024