Ўзбекистон | 23:02 / 04.12.2020
16578
5 дақиқада ўқилади

«18 йилгача кутишга тўғри келади» — Норбоева фарзанд асраб олишдаги бюрократия ҳақида

Ўзбекистонда фарзанд асраб олиш ҳаракатларининг 10 фоизи белгиланган давлат ташкилотлари орқали, 90 фоизи эса ўзаро келишувлар асосида амалга оширилган.

Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясининг 4 декабрдаги йиғилишида чақалоқ савдоси жинояти кўпайиб бораётгани муҳокама қилинди.

Маълумотларга кўра, қонуний тартибда фарзанд асраб олиш жараёнидаги бюрократия ва бошқа тўсиқлар чақалоқ савдосининг авж олаётганига сабаб бўлмоқда.

Васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан жорий йилнинг январ-август ойларида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, ижтимоий ёрдамга муҳтож болаларнинг 2747 нафари фарзандликка, 3954 нафари васийликка, 1534 нафари ҳомийликка, 288 нафари патронатга берилган.

Меҳрибонлик уйлари, гўдаклар уйлари, болалар шаҳарчалари орқали эса бир йилда ўртача 220-230 нафар бола фарзандликка берилади.

Танзила Норбоева, Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси раиси
Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

«Васийлик ва ҳомийлик органлари орқали фарзандликка берилган болалар орасида меҳрибонлик уйлари ва болалар шаҳарчаларида тарбияланаётган болалар улуши 10 фоизни ҳам ташкил этмайди. 90 фоиздан ортиқ ҳолатда фарзандликка олувчилар ва фарзандликка берувчилар ўзаро ёки воситачилар орқали бир-бирини топиб олишяпти.

Мамлакатда фарзанд асраб олишга бўлган талаб юқори. Чунки биз болажон халқмиз. Аммо ҳозирги ҳолатда фарзанд асраб олмоқчи бўлганлар ўртача 18 йил навбат кутишга тўғри келади.

Республикада амалдаги фарзандликка олиш тартиби жуда мураккаб. Қоғозбозлик амалиётлари жуда ҳам кўп. Шаффофлик йўқ. Навбат қачон келишини билиб бўлмайди. Навбатнинг электрон тизими шакллантирилмаган. Бу эса мавжуд тартибни айланиб ўтишга, коррупцион муносабатларнинг шаклланишига, чақалоқ савдосининг кўпайишига олиб келади», – деди йиғилишни олиб борган комиссия раиси Танзила Норбоева.

Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев берган маълумотларга кўра, ҳозирда меҳрибонлик уйларига бола топшириш ҳолатлари камайган. Гўдаклар уйларида тарбияланувчилар сони 1991 йилда 1105 нафарни ташкил қилган бўлса, ҳозирда бу муассасаларда 564 нафар бола тарбияланмоқда. Айни кунда меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари сони эса 2047 нафарга тенг.

Дилшод Кенжаев, Халқ таълими вазири ўринбосари
Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

«Бола олиш учун навбатда турганлар жуда кўп. Охирги уч йил ҳисобида 10 мингта оила бола боқиб олиш учун навбатда турибди. Ундан ҳам олдинроқ навбатга қўйилганлар ҳам бор.

Аммо шуни таъкидлаб ўтиш керакки, меҳрибонлик уйида тарбияланаётган 2047 нафар боланинг бор-йўғи 15 фоизи – 316 нафари чин етим болалар. Қолган 85 фоизи ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар, яъни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганлар, кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган оилалар, озодликдан маҳрум этилганлариннг фарзандлари ва ярим етимлар (ёки отаси, ёки онаси вафот этган).

Ота-онаси бор бўлганларни бошқаларга фарзандликка бера олмаймиз. Ҳозирда фақатгина 15 фоиз болани бериш мумкин. Навбатда турган 10 мингта оиланинг 96 фоизи чақалоқ – 0-3 ёшгача бўлганларни олиш истагида. Республикада бунақа ёшдаги 564 нафар тарбияланувчи бор холос. Шуларнинг ҳам 246 нафари ногирон. Уларни олишмайди. 3–4 ёшга тўлгач, мурувват уйларига беришимизга тўғри келади», – дея вазир ўринбосарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазирлик вакили фарзанд асраб олиш учун талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхатини санаб ўтди:

  • Иш жойидан маоши кўрсатилган маълумотнома;
  • Иш жойидан тавсифнома;
  • Эр-хотин саломатлиги ҳақида тиббий комиссия хулосаси;
  • Тиббий маълумотномалар (наркология, тери-таносил, асаб касалликлари, сил, ОИТС диспансерларидан);
  • Муқаддам судланмагани тўғрисидаги маълумотнома;
  • Ўз фарзандлари бор бўлса, уларнинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома;
  • Уй-жой эгалиги тўғрисидаги ҳужжатлар нусхаси;
  • Васийлик ва ҳомийлик органининг фуқаронинг яшаш шароитини ўрганганлиги тўғрисида далолатнома;
  • Васийлик ва ҳомийлик органининг сўнгги хулосаси.

Чет эл фуқароси эса юқоридаги ҳужжатларга қўшимча равишда тегишли давлатнинг элчихонаси орқали Халқ таълими вазирлигига илтимоснома киритиши керак бўлади.

«Идоралар ўртасида маълумотлар алмашинувини электронлаштириш тизимлари йўлга қўйилгани боис бу ҳужжатларнинг айримларини қисқартириш бўйича иш олиб борилмоқда», – дея қўшимча қилди Кенжаев.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид