Ўзбекистон | 20:19 / 14.07.2022
19739
2 дақиқада ўқилади

Танқиддан кейин Сенат қарори очиқланди. Шу баҳона минг сўмлик танга дизайни ҳам маъқуллангани ойдинлашди

Олий Мажлис Сенатининг матбуот хизмати, Kun.uz танқидидан кейин, 200 минг сўмлик янги купюра дизайни маъқулланганини кўрсатувчи Сенат кенгаши қарорини тақдим этди. Қарордан маълум бўлишича, минг сўмлик тангалар ҳам муомалага чиқарилиши кутилмоқда – кенгаш унинг ҳам дизайнини маъқуллаган.

Фото: Kun.uz

Сенат матбуот хизмати Kun.uz'га тақдим этган қарорга кўра, янги купюра ва танга дизайни Сенат кенгаши томонидан 5 июл куни маъқулланган ва шу кундан эътиборан кучга кирган.

Бу ҳақда ўтган 9 кун давомида на Сенат, на Марказий банк жамоатчиликка хабар беришни ўзига эп кўрмай келди. Шунингдек, Марказий банкнинг янги купюра ҳақидаги эълонида ҳам унинг дизайни қонунга мувофиқ Сенат кенгаши томонидан маъқуллангани ҳақида маълум қилинмаганди.

5 июлдаги қарор Сенат сайтига қачон жойлангани маълум эмас, шуниси аниқки, бу ҳақда юқори палатанинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида хабар берилмаган. Бундан ташқари, 5 июл куни Сенат кенгаши йиғилиш ўтказгани ҳақидаги расмий хабарда ҳам йиғилишда янги пуллар масаласи муҳокама қилингани ҳақида ҳеч қандай маълумот келтирилмаган.

Минг сўмлик танганинг аллақачон маъқулланган дизайни нега эълон қилинмаётгани, у қачондан муомалага киритилиши ҳозирча маълум эмас. Марказий банк матбуот хизмати бу борада маълумотга эга эмаслиги, минг сўмлик тангалар 15 июлдан муомалага чиқарилмаслигини маълум қилди.

Минг сўмлик пул белгиси бошқа банкнотлар каби Буюк ипак йўли мавзусидаги янгича дизайнга ўтказилмасдан, тангага айлантирилиши ҳақида шу йил бошида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов айтган эди.

Ўзбекистонда муомаладаги энг йирик танга – 500 сўмлик 2011 йилда муомалага чиқарилган, 2018 йилда эса 50, 100 ва 200 сўмлик тангалар қаторида янгиланганди.

  • Маълумот учун, минг сўмлик танга бунгача фақат эсдалик сифатида чиқарилган: 2009 йилда Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейига бағишлаб номинал қиймати минг сўм бўлган олтин ва кумуш тангалар зарб этилган.
  • Оғирлиги 31,1 грамм, асиллик даражаси 999,9 бўлган бу эсдалик тангаларнинг бугун, 14 июлдаги нархи мос равишда 21 млн 143 минг (олтин) ва 414 минг (кумуш) сўмни ташкил этади.

Мавзуга оид