Иқтисодиёт | 19:26 / 03.08.2021
18280
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: “Тадбиркорларнинг ҳеч бир мурожаати ўз ҳолига ташлаб қўйилмаслиги лозим”

Тадбиркорларнинг президентга мурожаатларини қабул қилиш муддати 10 августга қадар узайтирилди.

3 август куни ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида президент ва тадбиркорлар ўртасида режалаштирилаётган мулоқотга оид маълумотлар тақдим этилди.

«Жорий йил 9 ой якунида бюджетга 93 триллион сўм солиқ ва 23 триллион сўм божхона тушумлари таъминланиши лозим.

Марказий банк йил якунига қадар иқтисодиётга ажратилган кредит ҳажмини 135 триллион сўмга етказиш, шундан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 9 триллион сўм кредитлар ажратишни таъминласин.

Шунингдек, йиллик инфляция даражасининг прогноз кўрсаткичлари доирасида (10 фоиз) бўлишини таъминлаш бўйича барча зарурий чораларни кўриб борсин.

Умуман олганда, Қўчқоров йил якуни бўйича иқтисодий ўсиш 6,5 фоиз даражадан кам бўлмаслиги учун тармоқ ва ҳудудлар кесимида ҳафталик назорат ўрнатиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш ва қўшимча имкониятларни ишга солиш чораларини кўриб бориши керак», деган давлат раҳбари.

Йиғилишда тадбиркорлар билан ўтказилиши режалаштирилган очиқ мулоқот бўйича ҳам тўхталиб ўтилган.

«Хабарингиз бор, келгуси ҳафтада бизнес вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказилади. Бугунги кунга қадар республика штабига тадбиркорлардан 10 мингдан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар келиб тушди.

Тошкент шаҳридан – 1 минг 150та, Тошкент вилояти – 950 та, Қашқадарё – 930 та, Сурхондарё – 920 та, Самарқанд – 900 та, Андижон – 880 та, Наманган – 850 та, Фарғона – 820 та, Бухоро – 740 та, Хоразм – 680 та, Жиззах – 560 та, Сирдарё – 470 та, Навоий – 345 та ва Қорақалпоғистондан – 420 та мурожаат.

Уларда кўтарилган масалаларнинг 8 мингдан ортиғи ёки 86 фоизи шахсий масалаларга оид бўлиб (кредит ва субсидия ажратиш, бўш биноларни ижарага олиш, инфратузилмага уланиш, солиқ қарздорлиги, хусусий мулк ҳимояси), ҳозирги кунгача уларнинг ярми жойларда ҳал этилди.

Қорақалпоғистон – 41 фоиз, Андижон – 32 фоиз, Бухорода – 36 фоиз, Жиззахда – 36 фоиз, Қашқадарё – 34 фоиз, Навоий – 33 фоиз, Наманган – 33 фоиз, Самарқанд – 32 фоиз, Сурхондарё – 41 фоиз, Сирдарё – 37 фоиз, Тошкент – 32 фоиз, Фарғона – 39 фоиз, Хоразм – 35 фоиз ва Тошкент шаҳрида – 21 фоиз мурожаатлар ҳал қилинган.

Шундай бўлса-да, «Колл марказлар»га кунига 1 мингтагача мурожаат келиб тушмоқда.

Шу сабабли, тадбиркорларни қийнаётган масалалар бўйича қамровни янада кенгайтириш мақсадида, мурожаатларни қабул қилиш 10 августга қадар давом этади.

31 та вазирлик ва идора раҳбарлари ўринбосарлари ҳокимлар билан бирга, мурожаатларни тезкорлик билан ҳал этишга шахсан масъул бўлади.

Ҳеч бир мурожаат ўз ҳолига ташлаб қўйилмаслиги, Бош вазир виртуал қабулхонасида электрон рўйхатга олиниши ва назорат қилиниши керак», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

Аввалроқ президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти август ойининг бошида бўлиб ўтиши ва шу сабаб таклифлар 31 июлгача қабул қилиниши айтилганди.

Давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов 2 августдаги брифингда Шавкат Мирзиёев ва тадбиркорлар учрашуви нима сабабдан кейинроққа қолдирилганига изоҳ берди.

«Мурожаатларнинг динамикасидан келиб чиққан ҳолда штаб мурожаатларни қабул қилиш муддатини яна бир неча кунга узайтирмоқда. Кеча олган маълумотларимизга кўра, бу муддат 5 августгача чўзиляпти», деган Асадов.

Бундан аввал бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов тадбиркорлардан тизимли таклифлар кутаётганини айтиб ўтганди.

Мавзуга оид