Жамият | 21:50 / 23.07.2025
7350
7 дақиқада ўқилади

Асаларилар ўлими давом этмоқда. Моддий зарар қопланадими?

Kun.uz Фарғонада ғўзага кундузи сепилаётган заҳарли дорилар асалариларнинг ёппасига нобуд бўлишига олиб келаётгани ҳақида ёзганидан кейин, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раддия беришга шошилган эди. Лекин ўтказилган лаборатория таҳлиллари вазирликнинг иддаолари хато экани, асаларичиларнинг норозилиги асосли эканини тасдиқлади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Kun.uz водий вилоятларида ғўзага кучли кимёвий дориларнинг айни кундуз куни бетартиб сепилиши оқибатида асалариларнинг қирилиб кетгани, бунинг ортидан асаларичилар даромадсиз қолгани ҳақида мақола эълон қилганди.

Мақоланинг эртасига, 16 июл куни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги расмий муносабат билдириб, асалариларнинг кимёвий дорилар сабаб қирилиб кетаётганини рад этди.

Тармоқларда айтилаётган “ғўзага кучли кимёвий дориларнинг айни кундуз куни бетартиб сепилаётгани асалариларнинг қирилиб кетишига сабаб бўляпти” деган ахборотлар илмий асоссиз ва амалий жиҳатдан тасдиқланмаган маълумот ҳисобланди. Боиси, қишлоқ хўжалигида қўлланиладиган кимёвий воситалар мамлакат бўйича ягона тартиб ва регламентлар асосида тасдиқланган препаратлар рўйхатига асосан танланади ҳамда улардан фойдаланиш қоидалари бутун республика бўйлаб бир хил”, дейилади ҚХВ баёнотида.

Вазирлик муносабатида, шунингдек, асаларилар ўлими Фарғона вилоятининг маълум бир ҳудудидагина кузатилаётгани даъво қилинган. Лекин Kun.uz'га бундай ҳолат республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилаётгани ҳақида маълумотлар келиб тушмоқда.

19 июлда эса, ҚХВ ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ўз ўрганишлари юзасидан баёнот бериб, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида асалариларнинг оммавий нобуд бўлишига кимёвий перепаратларнинг таъсири бўлиши мумкинлигини тасдиқлади (бу ҳақда батафсилроқ мақола сўнгида яна тўхталамиз).

16 июл куни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Муҳиддин Сайфиев бошчилигида ишчи гуруҳ Фарғонада асаларичилар билан учрашув ўтказди ва шу куни ўлган асаларилардан лаборатория учун намуналар олинди.

Учрашувда Kun.uz мухбири ҳам иштирок этди. Водийлик асаларичилар мухбиримиз билан суҳбатда учрашув уларни қониқтирмаганини айтишди.

Талафотнинг олдини олиш ўрнига...”

Шерзод Мирзаматов:

— Кечаги видеодан кейин вазирликдан ишчи гуруҳ ечим қиламан деб келишди. Бизнинг ҳамма аричилар тўпланди шу ерга. Мутахассис асаларилар касалликдан ўлган деяпти. Биз асалариларнинг доридан заҳарланиб ўлганини исбот қилиб бера оламиз. Бундан мақсад нима бўляпти? Учрашувда асаларилар касалликдан ўлган деган хулосага келишяпти. Доридан умуман заҳарланмаган дейишяпти. Доридан заҳарланганини исбот қилиш учун таҳлилни тез чиқариб бера оладиган лаборатория ускунаси йўқ экан. Фақат булар касалликдан ўлганини исбот қилиб бера оларкан холос. Муаммо бартараф қилинмас экан, ишчи гуруҳининг бундай учрашув ташкил қилишидан маъно борми?

Бу ерда тўпланганларнинг кўпи 20 йиллик тажрибали асаларичилар-ку. Улар ҳар бир касалликни аниқ билишади. Наҳотки улар касалликдан ўлган ари ёки доридан заҳарланиш ҳолатининг фарқига бормаса? Бу учрашувдан кўнглимиз тўлмади. Қониқмадик бу учрашувдан. Талафотнинг олдини олиш ўрнига, айбни ўзимизга ағдаришмоқчи.

Асаларилик ҳеч кимга керак бўлмай қолди”

Ҳасанбой Ҳасанов:

— Асаларимиз ўлаётганига 16 йилдан ошди. Вазирлик муаммони ҳал қиламан деб келаверади, кетаверади, натижа йўқ. Айбни ўзимизга ағдаришади, тамом. Асаларилар нимадан ўлаётганини химиянинг бошлиғи билиб турибди, чунки у мутахассис. Қайси дори қанақа қилиб ўлдиради, ҳаммасини билади булар. Ари қанақа бўлиб ўлганигача химиянинг бошлиғи билиб турибди. Бу учрашувдан натижа ҳам кутаётганим йўқ. Соҳа тубдан ислоҳ қилиниши керак.

Вазирликдагиларнинг ҳаммаси Ўзбекистонга кираётган дориларни билади, қайси дори киряпти, қайси бири сепиляпти. Асаларилик ҳеч кимга керак бўлмай қолди. Ҳа, доридан ўлганини ҳеч ким тан олмайди. Ким ҳам жавобгар бўлишни хоҳлайди? Учрашув бесамар бўлди.

Бу йил кучли дорилар қўллашяпти”

Ҳикматилло Миллажонов:

— Яқин танишим фермер, ерида дори сепади. Унинг айтишича, ўтган йилги дорилар унчалик ҳам кучли бўлмаган. Бу йилдан фермерлар кучли заҳар қўллашга ўтишган. Дорини сепиш жараёнида устимизга, қўлимиз, очиқ танага теккан жойи кечаси билан ачиштириб, ухлатмаяпти, деди ўша танишим.

Шунчалик даражада кучли экан, ё дозасини кучайтириб юборяптими, кучли заҳар сепяпти деяпти. Фирма вакили келиб, фермер билан келишиб, дорисини тавсия қилиб кетаркан, ўша заҳарни олиб келиб сепавераркан. Кундуз куни сепишини тан олиб айтди ўзи. Кундузи дори сепиш бошланиб, шом пайтида тугатилар экан.

Моддий зарарни қоплаш масаласи сўроқ остида

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Чорвачилик бошқармаси бошлиғи Муҳиддин Сайфиевга ҳолат бўйича изоҳ олиш учун микрофон тутдик.

“Учрашувда асаларичиларнинг фикрларини эшитдик. Муаммони аниқлашимиз керак-да. Сабаби бу ерда пестицидми ёки касаллик? Лабораториямиз бор. Лабораторияга таҳлил олиб, жойида кўриб, хулосасини чиқариб берамиз. Кейин муаммога барҳам бериб кетамиз. Сабаби бу ерда бизга ҳам пахта керак, ҳам асалари керак. Бу иккита соҳанинг ривожи барчага керак. Шунинг учун бу ерда фермерларни ҳам, асаларичиларни ҳам биргаликда ўрганиб, масалани ҳал қилишга ҳаракат қиламиз.

Аричиларнинг фикрига кўра, ҳолат пестицидлар билан боғлиқ. Мен юқорида ҳам айтдим, ҳолатни барибир лаборатория таҳлиллари аниқроқ қилиб беради. Ва бунга асосан бир тўхтамга келамиз кейин.

Моддий зарарни қоплаш масаласини ўйлаб кўрамиз. Бу масалада бир нарса дея олмайман”, дейди Муҳиддин Сайфиев.

ҚХВ ҳузуридаги Ветеринария қўмитасининг юқорида тилга олинган 19 июл кунги баёнотида айтилишича, ўтказилган текширувларда асалари оилаларининг нобуд бўлиши юқумли касалликлар натижаси эмаслиги тасдиқланган.

“Олинган хулосалар шуни кўрсатмоқдаки, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида асалари оилаларининг кўплаб нобуд бўлишига пахта далаларига сепилаётган кимёвий перепаратлар сабаб бўлиши мумкин. Ўрганиш давомида ҳеч қандай вирусли ёки бактериологик касалликлар бўлмагани ва кўп йиллардан бери мазкур вилоятларда асалари касалликлари кузатилмагани аниқланди”, – дейилади қўмита ахборотида.

Лаборатория таҳлил натижаларига кўра, нобуд бўлган асалариларда ҳеч қандай вирусли ёки бактериологик касалликлар аниқланмаганини Kun.uz'га Фарғона вилояти Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Убайдулло Турсунов ҳам тасдиқлади.

Аммо муаммо ечими масаласи ҳамон саволли бўлиб қолмоқда.

Сарвар Зиёев,
Сардор Мамиров,
Kun.uz

Муаллиф:  Сарвар Зияев

Мавзуга оид