Ўзбекистон | 16:26 / 10.05.2023
65251
5 дақиқада ўқилади

Нашида учун қамалган йигит воқеаси: ИИБ баёноти айблов хулосасига зид келяпти

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси синфдошларига нашида ҳаволасини юбориши ортидан 3 йилга қамалган йигит ҳақида тармоқлардаги норозиликларга муносабат билдирди. Фаолларни нохолис ахборот тарқатишда айблаган ИИББ баёнотининг ўзида – ишга доир ҳужжатлар ҳамда суд ҳукмига тўғри келмайдиган бир қанча нотўғри маълумотлар ва туҳмат борлигини кўриш мумкин.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Биринчидан: Тошкент вилояти ИИББ тезкор-қидирув тадбирлари давомида 21 ёшли йигитни “Сурияда фаолият олиб бораётган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилот жангарилари томонидан тайёрланган маърузаларни интернет орқали тинглаши давомида уларнинг ғоявий таъсирига тушиш ҳамда ушбу ҳаракатларни қўллаб-қувватлашни бошлаган”ликда айблаган.

Ваҳоланки, суд ҳукмида ҳам, айбланувчининг яқинлари Kun.uz'га тақдим қилган, Янгийўл туман ИИБ терговчилари имзоси билан тасдиқланган айблов хулосасида ҳам бундай маълумот йўқ.

Иккинчидан: ИИББ Жаҳонгир Улуғмуродовни “халқаро террористик ташкилот тарафдорлари сонини орттириш мақсадида интернет орқали “жиҳод” ва “шаҳидликка чорлов” маърузаларини ўзига таниш бўлган шахслар ва яқинлари орасида тарқатиш билан шуғулланган”ликда ҳам айблаган.

Айблов хулосасида ҳам, суд ҳукмида ҳам бундай маълумот йўқ.

4 варақдан иборат айблов хулосасида талаба йигитнинг фақатгина бир ҳаракати борасида маълумотлар, шунингдек ўзи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари берилган. Яъни Жаҳонгир Улуғмуродов – YouTube платформасидаги ўзи маъносини яхши тушунмаган диний қўшиқнинг ҳаволасини (нашиданинг ўзини эмас) гуруҳга юборгани ҳақида кўрсатма берган. Суд ҳукми ҳам айни ушбу маълумотни тасдиқлаб турибди.

Яъни, айбланувчи ИИББ айтганидек ноқонуний материалларни “тарқатиш билан шуғулланган” эмас, балки бир маротаба Telegram гуруҳга юборган. Шунингдек, Жаҳонгир Улуғмуродов айблов хулосасида ҳам нашид маъноларини тушуниб етмагани, билмасдан тарқатгани ҳамда айбидан пушаймон экани ёзилган.

Учинчидан, ИИББ баёнотидаги “халқаро террористик ташкилот тарафдорлари сонини орттириш мақсадида”, деган маълумот, ҳужжатларга таянилса, туҳмат бўлиб қолмоқда.

Чунки, айблов хулосасида ҳам, суд ҳукмида ҳам 21 ёшли талабага бундай айблов қўйилмаган. Савол туғилади: Тошкент вилояти ИИББ талабанинг мақсадини қаерда билган бўлиши мумкин?

Баёнотда Тошкент вилояти ИИББ маълумот ўрнида келтириб ўтаётган қуйидаги фикрлар эса доим такрорланади, лекин бирор маротаба факт ва далиллар жамоатчиликка очиқланмаган.

“Бугунги кунда кўплаб ёшларнинг муқаддас ислом дини ниқоби остида фаолият юритаётган турли тақиқланган ташкилотлар таъсирида сохта “жиҳод”, “ҳижрат” ва “шаҳидлик” ғоялари билан, Сурия, Ироқ ва бошқа, жанговар ҳаракатлар давом этаётган мамлакатлар ҳудудига чиқиб кетиш ҳолатлари давом этмоқда”.

Масалан, саволлар пайдо бўлади: 2022 йилда қанча ўзбекистонлик ёшлар бундай ғоялар билан чет элга чиқиб кетди? Уларнинг кетиш сабаблари нима? Доимгидек, жавоблар йўқ.

Нашидага экспертлик хулосасини берган Дин ишлари бўйича қўмита – ушбу маълумотлар аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилмагани, Конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришга ва халифалик барпо этишга тарғиб қиладиган ғояларнинг мавжуд эмаслиги, тақиқланган ташкилотлар тузиш ва унда қатнашишда даъватлар мавжуд эмаслиги, шу билан бирга нашид диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган бўлиб, уни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланиши маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 8 май куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг 2-босқич талабаси, 21 ёшли Жаҳонгир Улуғмуродов 3 йилга қамалди.

У 2022 йилда синфдошлари аъзолигидаги Telegram-гуруҳга YouTube'даги диний қўшиқ – нашида учун ҳавола юборганликда айбланмоқда. Сўнгги вақтларда бундай “айбловлар” билан қамалаётган ёшлар сони ортиб бормоқда. Бу жамоатчиликда турли саволлар ва ҳавотирлар уйғотмоқда.

Жорий йил январ ойида телефонидан диний нашида топилган яна бир 21 ёшли йигит – Сардор Раҳмонқулов ҳам 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. Кейинроқ, жамоатчиликнинг кескин этирозлари ортидан, апелляция судининг ажримига мувофиқ, Раҳмонқуловга тайинланган 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳукмга ўзгартирилиб, 2 йил синов муддати белгиланди ва у суд залида озод қилинди.

Мавзуга оид