Ўзбекистон | 18:13
4447
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри ИИББ ҳузуридаги қўриқлаш хизмати фаолияти билан танишди

Президент хизматда қўлланилаётган махсус техника воситалари, дронлар манёври, жамоат тартибини сақлашга жалб этиладиган транспорт воситаларини кўздан кечирди. Давлат раҳбари ички ишлар ва қўриқлаш хизмати ишларни маҳалладан бошлаши, хонадонларнинг ҳолатини ўрганиб, хавфсизлигини таъминлаши зарурлигини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев 27 январ куни Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги қўриқлаш хизмати фаолияти билан танишди.

Давлат раҳбари хизматда қўлланилаётган махсус техника воситалари, дронлар манёври, жамоат тартибини сақлашга жалб этиладиган транспорт воситаларини кўздан кечирди.

Сўнг қўриқлаш техника воситаларининг кўргазмали тақдимоти билан танишилди. Бу ерда “Хавфсиз шаҳар” концепциясини жорий этиш ва уни изчил ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича ахборот берилди. Кўргазма майдончасида юридик ва жисмоний шахсларнинг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ўрнатилган видеокузатув тизимлари ҳамда турли хил камераларнинг реал вақтда ишлаш жараёни намойиш этилди, уларнинг техник имкониятлари тушунтирилди ва амалий тавсиялар берилди.

Тақдимот доирасида айланма камералар, юз қиёфасидан шахсни аниқловчи камералар ҳамда давлат рақам белгисини аниқловчи камераларнинг имкониятлари кўрсатилди. Таъкидланишича, ушбу техник воситалар маҳаллалар, жамоат жойлари, объектлар, таълим муассасалари, шунингдек, шаҳар ва туманларнинг кириш-чиқиш нуқталарига ўрнатилмоқда.

Қайд қилинишича, бугунги кунда барча ҳудудий ички ишлар бошқармаларида сунъий интеллект асосида ҳудудларни онлайн кузатиш, тезкор қидирув ишларини олиб бориш, куч ва воситаларни бошқариш ҳамда жиноятларни “иссиқ изидан” фош этишга хизмат қилувчи “Қалқон” ахборот тизими тўлиқ ишга туширилган.

Давлат раҳбари ички ишлар ва қўриқлаш хизмати ишларни маҳалладан бошлаши, хонадонларнинг ҳолатини ўрганиб, уларнинг хавфсизлигини таъминлаши зарурлигини алоҳида таъкидлади. Тошкент мегаполис шаҳар эканини инобатга олган ҳолда, қонунбузарлик ва жиноят омилларини мунтазам таҳлил қилиш кераклигига эътибор қаратди.

“Хавфсиз шаҳар” концепцияси доирасида ягона платформа, 13 та маълумотларни қайта ишлаш маркази, ягона электрон харита, 42 минг 750 та интеллектуал камера ҳамда 17 та ёнғин хавфсизлиги мониторинги тизими фаолият юритмоқда. Ушбу тизимлар концепциянинг асосий таркибий қисмини ташкил этади.

Ички ишлар вазирлиги академиясида Рақамлаштириш департаменти учун замонавий талаблар асосида янги бино қурилиши бошлангани маълум қилинди. Йил якунига қадар тармоқ қамровини янада кенгайтириш, сунъий интеллект асосида камида тўртта янги тизимни платформага улаш ҳамда рақамлаштириш даражасини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш режалаштирилган.

Президент ҳозирги кунда жиноятчилик шакллари ва омиллари ўзгараётгани, аммо уларга мос тизим ва чоралар етарли эмаслигини қайд этди. Айниқса, киберхавфсизлик йўналишида жиноятлар кўпайиб бораётгани ва ушбу хавфларни бартараф этиш бўйича ишлар жадаллаштирилмаса, аҳоли учун жиддий қийинчиликлар юзага келиши мумкинлигини таъкидлади.

Бу борада салоҳиятли кадрлар етишмаслиги асосий муаммо экани, банк ва ички ишлар органлари ходимларининг билим ва малакасини ошириш, уларни мунтазам ўқитишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини билдирди. Шунингдек, видеокузатув тизимларини жорий этишда уларни ўрнатадиган ва самарали бошқарадиган мутахассисларни тайёрлаш, даврий ўқувларни ташкил этиш муҳим эканини таъкидлади.

Шундан сўнг Тошкент шаҳрида ташкил этилган “Хавфсиз кўча”, “Хавфсиз йўлак” ҳамда гастрономик йўлакларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан ҳам танишилди.

Ташриф давомида Қўриқлаш хизмати ходимларини соҳа бўйича ўқитиш жараёни, профилактика инспекторлари билан ўтказилаётган амалий машғулотлар кўздан кечирилди.

Давлат раҳбарига Ситуацион марказ фаолияти тақдимоти орқали хавфсизликни таъминлашда замонавий бошқарув ва мониторинг тизимларининг ўрни ҳақида маълумот берилди.

Ситуацион марказ Қўриқлаш хизматининг бўлинмалари ҳаракатларини назорат қилиш, мониторингини юритиш, тезкор ва фавқулодда вазиятларда Қўриқлаш хизмати куч воситаларини бошқариш, йўналтириш ва онлайн кузатиш мақсадида ташкил этилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид