Жаҳон | 08:29 / 29.06.2015
11950
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон президенти ва Италия бош вазири лифтда қамалиб қолишди

Миланда бўлиб ўтган Қозоғистон-Италия бизнес-форуми пайтида Италия бош вазири Маттео Ренци ва Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев лифтда бирга кетаётганларида, лифт тўсатдан тўхтаб қолди ва улар бир неча дақиқага у ерда қамалиб қолишди. Бу ҳақда La Stampa нашри хабар бермоқда.

Ўт ўчирувчиларнинг тезкор ҳаракатлари эвазига улар тез орада лифтдан чиқариб олинди. Ўт ўчирувчилар бунда болтадан фойдаланишларига тўғри келган.

“Бу бўлиши мумкин бўлган энг ёмон тўсиқлардан бири бўлди. Ёрдамга “Экспо” залида навбатчилик қилган ўт ўчирувчилар етиб келишди. Улар ушбу нохуш ҳолатни болта ёрдамида ҳал қилишди”, деб ёзмоқда нашр.

Бироқ бу вазият икки давлат раҳбарининг кайфиятларига асло таъсир қилмади. Улар бу ҳолатга ҳазиломуз тарзда қарашди, бироздан кейин Италия бош вазири ҳаттоки “Бизнинг Қозоғистон билан алоқаларимиз жуда яқин” деб ҳазиллашиб ҳам қўйди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу воқеа икки етакчи орасида 600 млн долларлик 20 та келишув имзолангандан бироз ўтиб содир бўлди.