Бу ҳақда 9 ноябр куни президент Шавкат Мирзиёевнинг электротехника саноати вакиллари, тадбиркорлар ҳамда инвесторлар билан мулоқотида маълум қилинди.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг хабар беришича, давлат раҳбари юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва технологик ривожланиш учун замонавий муҳандислар, конструкторлар ҳамда илмий ишланмалар ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлаган.
Хусусан, «NURA Electric» корхонасида муҳандислик ишланмалари ва дуал таълим тизимига катта эътибор қаратилаётгани ижобий мисол сифатида кўрсатилган.
Айни пайтда корхонада 100 нафарга яқин муҳандис-конструктор ва технолог ўз ишланмаларини амалиётга жорий этмоқда. Яна 50 нафар талаба дуал таълим асосида ишлаб, бир вақтнинг ўзида ҳам маош олмоқда, ҳам амалий тажриба тўпламоқда.
Шунингдек, ҳозирда Ўзбекистондаги техника олийгоҳларининг 20 нафар талаба ва тадқиқотчиси Кореядаги электроника корхоналарида таълим олмоқда. Яқин вақт ичида уларнинг сони 100 нафарга етказилиши белгиланган.
Муҳандислар хорижда малака оширади
Президент Шавкат Мирзиёев 2027 йилдан «1 минг муҳандис-конструктор» дастури ишга туширилишини эълон қилди.
Дастур доирасида маҳаллий мутахассислар Корея, Япония, Хитой, Туркия ва Европа мамлакатларига юборилиб, илғор технологиялар ҳамда замонавий ишлаб чиқариш тажрибасини ўрганади.
Бундан ташқари, нуфузли хорижий компанияларда ишлаётган юқори малакали ўзбекистонлик мутахассисларни мамлакатга жалб қилиш чоралари кўрилади. Улар учун муносиб иш ҳақи ва меҳнат шароитларини яратиш назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, «Янги Ўзбекистон», Инҳа, ToshTech ва Турин политехника университетлари каби олий таълим муассасаларига етакчи хорижий университетлар билан қўшма таълим дастурларини ташкил этиш, малакали мутахассисларни жалб қилиш ҳамда замонавий муҳандис-технологлар тайёрлашни кенгайтириш топширилди.
Мазкур чоралар орқали Ўзбекистон саноатининг технологик тараққиётини таъминлайдиган юқори малакали муҳандислар корпусини шакллантириш мақсад қилинган.








