Натижани абонентлар ҳозирданоқ ҳис қилишмоқда — мобил интернет тезлашди. Бироқ бу тармоқни кенг кўламда янгилашнинг бир босқичи холос.

90 фоиз кўрсаткичи нимани англатади?

Режа доирасида таянч станциялари, уй интернети учун оптик терминаллар, транспорт ускуналари ва маълумотлар марказлари учун серверлар каби жиҳозларни ўрнатиш ҳамда янгилаш кўзда тутилган.

«Ҳозирда бутун республика бўйлаб кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, деярли ҳар бир туманда янги таянч станциялари ўрнатиляпти ёки мавжудлари модернизация қилинмоқда», - дея тасдиқлайди Фарҳод Муҳамадиев.

Жорий йилда 1 931 та объект модернизация қилинди, мамлакат бўйлаб 280 дан ортиқ янги таянч станциялари ишга туширилди. Кенг полосали уланиш (КПУ) тармоғи 763 мингдан зиёд абонент портига кенгайтирилди. 2026 йил бошидан буён 4G трафиги 32 фоизга, 5G трафиги эса икки баробарга ошди.

Компаниянинг биллинг тизими модернизация қилиниб, 67 фоизга кенгайтирилди ва 20 миллион нафаргача абонент маълумотларини қайта ишлаш қувватига эга бўлди. Халқаро пакетли коммутация марказининг ўтказувчанлик қобилияти эса 5 000 Гбит/с гача етказилди.

Бухоро ва Фарғона вилоятларида маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш марказлари барпо этилди, Тошкент вилоятида эса маълумотлар марказини қуриш ишлари якунланиш арафасида. Халқаро Uptime Institute томонидан Tier III даражаси бўйича сертификатланадиган ушбу объектлар инфратузилмасининг умумий сиғими 100 Пбайтга тенг.

Ушбу режа янада йирик иккита дастурнинг бир қисмидир. Биринчиси (2022–2026 йиллар) транспорт тармоғи, халқаро маълумотлар алмашинуви узели ҳамда маълумотлар марказларини янгилашга қаратилган. Иккинчиси эса деярли бутун инфратузилмани — транспорт алоқа тармоғи, мобил алоқа, кенг полосали интернет тармоғи ҳамда ҳудудлар ўртасида маълумотлар узатиш каналларини қамраб олади. Ушбу лойиҳа 2025–2030 йилларга мўлжалланган.

«Буларнинг барчаси “Ўзбекистон — 2030” миллий стратегиясининг бир қисми бўлиб, унинг доирасида мамлакатимиздаги барча аҳоли пунктларини кенг полосали интернет тармоғига улаш имконияти таъминланиши керак», - дея таъкидлади Ривожланиш департаменти директори ўринбосари Алишер Асилов.

Қамров ва тезлик

Бугунги кунда Uztelecom’нинг 4G тармоғи аҳоли пунктларининг 95 фоизини, оптик толали тармоқ эса 98 фоиздан ортиғини қамраб олган. Мобил алоқа ва юқори тезликдаги симли интернет мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида мавжуд.