Икки ҳафта олдин бўлиб ўтган сайловда Нетаняҳунинг ўнг коалицияси Айзенкот партиясини кичик фарқ билан ортда қолдирди: ҳукмрон коалиция 53, мухолифат блоки эса 48 мандат қўлга киритган. Томонлардан бири ҳукуматни мустақил шакллантириши учун эса 120 ўринли Кнессетда камида 61 мандатга эга бўлиш талаб этилади.

Ўтган ҳафтада Исроил президенти Исҳоқ Ҳерцог сиёсий партиялар билан ўтказилган маслаҳатлашувдан кейин янги ҳукуматни шакллантириш имконияти биринчи галда Айзенкотга тақдим этилишини маълум қилди.

Президент маъмурияти баёнотида айтилишича, у бу қарори ҳақида Айзенкотни ҳам, Нетаняҳуни ҳам хабардор қилган. Маълум бўлишича, маслаҳатлашувларда Кнессетнинг янги таркибидаги депутатлардан 67 нафари Айзенкотни, 46 нафари Нетаняҳуни бош вазир лавозимига тавсия қилган.

Исроил президенти коалицияни шакллантириш учун энг яхши имкониятга эга деб ҳисоблаган номзодини танлаш ваколатига эга ва бундай вазифа энг кўп мандат олган партия раҳбарига берилиши шарт эмас.

Энди Айзенкотда янги ҳукуматни шакллантиришга уриниб кўриш учун 28 кун муддат бор, бу муддат яна 14 кунга узайтирилиши ҳам мумкин.

Бу сафарги сайловларда Исроил армияси бош штабининг собиқ бошлиғи, 66 ёшли Гади Айзенкот сўнгги ўттиз йилликнинг катта қисмида Исроилни бошқарган одамга кутилмаган чақириқ ташлади.

Сиёсий майдонда Айзенкот нисбатан янги: унинг сиёсий фаолияти 2022 йилда, «Миллий бирлик» партиясидан Кнессет депутатлигига сайланганида расман бошланганди. Кейинчалик у «мафкуравий келишмовчиликлар» туфайли партияни тарк этади.

Ўтган йили марказчи «Яшар» партиясини тузган Айзенкот бу йил Нетаняҳунинг сайловдаги асосий рақибига айланди.

Нетаняҳу сўнгги йилларда коррупция ҳолатларида айбланди (у буни рад этади) ва Ҳамаснинг 2023 йил 7 октябрдаги ҳужуми билан боғлиқ хатти-ҳаракатлари учун танқидга учради. Бундан ташқари, суд тизимидаги ислоҳотлари оммавий норозилик намойишларини келтириб чиқарди.

Бироқ, беш фарзанд отаси бўлган Айзенкотни сайловда Нетаняҳуга қарши чиқишга шахсий фожиаси ҳам ундади: унинг кенжа ўғли, катта сержант Гал Айзенкот 2023 йил декабр ойида Ғазо сектори шимолида асирликда вафот этган икки исроилликнинг жасадлари қолдиқларини олиб чиқиш вақтида рўй берган портлаш оқибатида ҳалок бўлганди.