120 дан ортиқ замонавий ускуна

NURA Electric cтаноклар паркига 120 дан ортиқ юқори технологик ускуна киради. Улар орасида Япониянинг AMADA компаниясига тегишли рақамли дастур асосида бошқариладиган станок ва пресслар, шунингдек, Туркияда ишлаб чиқарилган DURMA ва TESLABEND лист буклаш ускуналари мавжуд.

Мазкур технологиялар ёрдамида корхонада йилига 25 520 дан ортиқ қурилма ишлаб чиқарилади. Маҳсулотлар тури эса 1 500 дан ортиқни ташкил этади.

Корхонада 10, 35, 110 ҳамда 220–500 кВ кучланишли энергетика объектлари учун комплект тақсимлаш қурилмалари, трансформатор нимстанциялари, реле ҳимояси ва автоматика шкафлари каби маҳсулотлар тайёрланади. Компания лойиҳалашдан бошлаб ишлаб чиқариш ва 24/7 сервис хизматигача бўлган тўлиқ циклни йўлга қўйган. Маҳсулотларнинг маҳаллийлаштириш даражаси 60 фоизгача етказилган.

photo_2026-10-02_18-03-59
Фото: NURA Electric

Маҳаллий мутахассислар ва экспорт

Корхона вакилларининг таъкидлашича, NURA Electric 2021 йилда ташкил этилган. Бугунги кунда мажмуада 1 мингдан ортиқ ходим меҳнат қилмоқда. Завод юқори ва паст кучланишли электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан бирга, уларни МДҲ ва Европа давлатларига экспорт қилиш имкониятига эга. Лойиҳа доирасида хомашёни қайта ишлашдан тортиб тайёр маҳсулотгача бўлган жараёнларни бир корхонанинг ўзида амалга оширишга эътибор қаратилган.

NURA Electric заводи вакили Фаррух Каримбердиевнинг таъкидлашича, ишлаб чиқариш мажмуасининг муҳим жиҳатларидан бири импорт ўрнини босиш ва технологик мустақилликни кучайтиришдир.

“Корхонага тайёр рулон кўринишидаги металл хомашё кириб келади ва ундан шу ернинг ўзида энергетика тизимлари учун зарур бўлган турли ускуналар ва техник ечимлар ишлаб чиқарилади. Мазкур жараёнларда маҳаллий мутахассислар фаол иштирок этмоқда. Улар замонавий технологиялар билан ишлаш бўйича тегишли тайёргарлик ва сертификатлашдан ўтган. Бу орқали Ўзбекистонда нафақат замонавий электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда, балки юқори технологик ишлаб чиқариш учун зарур бўлган маҳаллий мутахассислар базаси ҳам шаклланмоқда”, – дея таъкидлади у.

photo_2026-10-02_18-04-09