Канаданинг гризлилар кўп яшайдиган чекка ҳудуди — Белла-Кула водийсида бир йил ичида иккинчи фожиа юз берди. Британия Колумбияси провинциясида 31 октябр куни сайрга чиққан она ва қизни урғочи гризли ва унинг уч боласи ўлдирди. Тергов ўтказган расмийларга кўра, айиқлар уларга, эҳтимол, ўлжа сифатида ташланган. Бу эса жуда кам учрайдиган ҳолат.

Тергов натижаларини Британия Колумбияси табиатни муҳофаза қилиш хизмати 10 ноябр куни эълон қилди. Хизмат инспектори Жефф Тайрнинг айтишича, бир ҳафта давомида 12 нафардан ортиқ инспектор оғир релеф ва ёмон об-ҳавога қарамай далил йиққан. Она гризли ва унинг уч боласи 7–8 ноябрда — дам олиш кунларида тутиб олинган. Йиғилган далиллар ва ДНК таҳлили айнан шу тўрт айиқни 48 ёшли Женнифер Балкаррас ва унинг 20 ёшли қизи Села Риднинг ўлимига қатъий боғлади.

Ветеринар ва биологнинг дастлабки баҳосига кўра, она айиқ 20 ёшга яқинлашиб қолган. Унинг аниқ ёши лабораторияда аниқланади. Унинг болалари эса 2026 йилда туғилган, ҳали бир ёшга тўлмаган. Расмийлар тўрттала айиқ ҳам ўлдирилганини айтган. Лекин айнан қандай усулда ўлдирилгани очиқланмаган.

«Жуда кам учрайди»

New York Times’нинг ёзишича, тергов ҳужумнинг характери ҳақида ҳам хулоса чиқарган. Тайрнинг сўзларига кўра, бу ҳужум, эҳтимол, йиртқичлик хулқи билан боғлиқ бўлган, яъни айиқлар одамларга ўлжа сифатида қараган бўлиши мумкин. «Айтишим мумкинки, бу жуда кам учрайди. Яъни [ҳужум] қандай бошланганини билмаймиз, лекин қандай тугаганини биламиз», деди у онлайн брифингда.

Фото: Британия Колумбияси табиатни муҳофаза қилиш хизмати

Гризли ҳужумлари одатда бошқача кечади. Провинция атроф-муҳит вазирлиги маълумотига кўра, гризлилар билан тўқнашувлар нисбатан кам учрайди ва асосан ҳайвон чўчиб кетганда ёки болалари ва емишини ҳимоя қилганда юз беради. Айиқ хавфсизлиги бўйича канадалик мутахассис Ким Титченер ҳам илгари болали урғочи гризлилар ҳужуми деярли ҳар доим ҳимоявий бўлишини таъкидлаганди. WildSafeBC дастури маълумотига кўра эса провинцияда ўлим билан якунланган гризли ҳужумлари ўртача беш йилда биттадан кам қайд этилади.