Фан-техника | 16:57 / 04.07.2015
28288
9 дақиқада ўқилади

Сариқ чақага сотилган дунёнинг 10 та қойилмақом ихтироси

Ажойиб ихтиролар энди яратилган дамда фойдалидек ёки ўзига хос кўриниш бермайди. Тарихда шундай пайтлар бўлганки, инсонлар пул ишлаш мақсадида ўзлари яратган бебаҳо ихтирони деярли сариқ чақага сотиб юборишган ва улар ўзларининг янги соҳибларига жуда кўп даромад олиб келган. Ҳозир биз қуйида арзонга сотиб олиниб, миллионлаб фойда олинган ўнта ихтиро тўғрисида сўз юритамиз. 

Эдгар По шеъри

1. Эдгар Аллан По

Эдгар Аллан Понинг “Қарға” шеърида қарғанинг севгидан азоб чекаётган одам ёнига учиб келиши ҳақида куйланади. Дастлаб По шеърини дўстининг журналида эълон қилмоқчи бўлади, лекин у ердан рад жавобини олади. Шундан кейин По шеърини “The American Review”га 9 долларга сотади. Шеър тезда эл орасида машҳур бўлиб кетди. Асар мамлакат бўйлаб даврий нашрларда қайта-қайта чоп этилди ва Эдгар Аллан Пони элга танитди. Ҳозирда “Қарға” дунёнинг энг машҳур шеърларидан бири саналади. Шеър асосида ёзилган китоблар ва олинган фильмларни санаб адоғига етиб бўлмайди. 2009 йилда ичида мазкур шеър бўлган илк китоблардан бири 662 500 долларга сотилди. Эдгар По умри давомида ночор яшаб, чўнтагида бир тийинсиз бу дунёни тарк этган.

Инглиз тўғнағичи

2. Инглиз тўғнағичи – ярим миллионлик кашфиёт

Уолтер Хант — кўплаб кашфиётлари билан машҳур бўлган Нью-йорклик механик. Автомобиль ушлагичи, қайчи чархи, винтовка (сойли милтик), трамвай қўнғироқчаси, ошхона плитаси, муз кесувчи асбоб, тикув машинаси, кўчаларни супириш машинаси, мих ишлаб чиқариш машинаси ва бошқа ҳаётимизни енгиллаштирган ихтиролар айнан унга тегишлидир. Дўстидан олган 15 долларлик қарзини тўлаш мақсадида Хант нимадир фойдали ва тез тўланадиган буюм ихтиро қилишга қарор қилди. Унинг миясига оддийгина тўғнағич яратиш фикри келди. 1849 йилнинг 10 апрелида у ихтироси учун WR Grace компаниясидан 400 долларлик патент олди. Ихтирочи дўстига қарзини қайтарди, WR Grace эса мана шу оддий буюм учун миллионлар тагида қолди.

“Сержант  Пеппернинг ёлғиз қалблар клуб оркестри”

3. “Сержант  Пеппернинг ёлғиз қалблар клуб оркестри” - The Beatlesнинг саккизинчи студия альбоми ҳисобланади. Альбом Британиянинг машҳур поп-артистлари бўлмиш Питер Блейк ва унинг аёли Янн Хаворт томонидан яратилган муқова билан чиққан. Муқовада The Beatles гуруҳи аъзоларини ўраб турган кўплаб тарихий кишилар тасвирланган. Хизмат ҳақи сифатида Блейк ва Хавортнинг ҳар бири 10 фунт стерлингдан (тахминан 280 АҚШ доллари) пул олишган. Альбом афсонага айланди, жумладан, унинг муқоваси ҳам танилиб кетди. Унинг дунё бўйича 32 миллион нусхаси тарқатилди ва у дунёдаги энг кўп сотилган альбомлар сирасига киритилди. Унинг муқоваси ҳам энг жозибали, дея тан олинди.

Желе

4. Желе — маркетологлар орзуси

1895 йилда Нью-йорклик йўталга қарши сироп ишлаб чиқувчи Пирл ва Мэй Уайтлар қандай қилиб мева тамли сироплар қўшган ҳолда кукунсимон желатинни мазали ва анча фойда келтирувчи маҳсулотга айлантиришни ўйлаб топишди. Улар ўзларининг 88 фоиз шакардан иборат маҳсулотини “желе” деб номлашди. Улар анчадан бери фойдаланилмаётган Питер Купернинг кукунсимон желатини патентини ўзлаштириб, “желе”ни савдога чиқаришга қарор қилишди. Бироқ маркетолог Уайтларнинг желеси кутилган натижа бермади ва улар 1899 йилда патентини қўшниси Фрэнк Вудвардга 450 долларга сотишди. Орадан бироз вақт ўтиб, 1906 йилда желенинг йиллик сотуви 250 минг долларга етди. 2013 йилда эса у деярли 500 млн. долларни кўрсатмоқда.

“Жеймс Бонд” мусиқаси

5. “Жеймс Бонд” мусиқаси биринчи марта 1962 йилда Монти Норман томонидан “Доктор Ноу” фильми учун ёзилган эди. Кинокомпания мусиқанинг оҳанги ёқмагани учун уни ўзгартириш мақсадида Жон Баррини таклиф қилди. Барри унга рок ва жаз элементларини қўшиб, мусиқанинг умумий темпини оширди. Натижада 50 йилдан сўнг машҳур бўлиб кетадиган хит пайдо бўлди. Баррига хизмати учун 250 фунт стерлинг (тахминан 700 доллар) тўлашди. Монти Норман эса 1 млндан ортиқроқ гонорар олди. 

Coca-Cola

6. Coca-Cola: микстурадан машҳур ичимлик томон.

Фармацевт Жон Пембертон 1886 йилда Coca-Colaнинг илк формуласини яратди. Ичимлик ўша йилнинг майида Атланта дорихоналарида асаб тизими ва мия учун тоник сифатида сотувга чиқди. Унинг бир шишаси 0,05 доллар турарди. Пембертон эса биринчи йилдан бор йўғи 50 доллар даромад қилди. Тушкунликка тушган Пембертон касаллиги ва морфийга боғланиб қолганидан, ичимликка бўлган эгалик ҳуқуқини бошқа инвесторларга 1484 долларга сотиб юборди. Улар ҳам, ўз навбатида, патентни тадбиркор Асе Кэндлерга 2300 долларга сотишди. Кэндлер кока-коланинг ягона эгасига айланди ва шу номда компания ҳам яратди. Натижада у 1919 йилда ўз компаниясини 25 млн. долларда, ҳозирги кун билан таққослаганда 341 млн. долларга пуллаган.

Ван Гогнинг “Алвон узумзор” картинаси

7. “Алвон узумзор”. Винсент Ван Гог.

“Алвон узумзор” – 1888 йилда Ван Гог томонидан чизилган мойли расмдир. Бу иш Ван Гогнинг умри давомида сотган ягона расми эди. У 1890 йилда бельгиялик рассом Анна Бош томонидан 400 франкка (бугунги ҳисоб билан тахминан 1600 доллар) сотиб олинган. Ван Гог ҳам Эдгар По каби ночорликда яшаб, фожеавий ўлим топган. Ҳозирда унинг расмлари миллион долларларга сотилади. Унинг энг қиммат картинаси, “Доктор Гаше портрети”, 1990 йилда рекорд суммага, 82,5 млн. долларга (ҳозирги ҳисобда 150 млн. доллар) сотилган. Анна Бош “Алвон узумзор”ни 1906 йили 10 000 франкка сотган.

“Терминатор” — Голливуднинг энг яхши ғояларидан бири

80-йиллар бошларида Жеймс Кемерон пулсиз, уйсиз, машинаси ёки дўстининг диванида ухлаб юрадиган ҳали ҳеч ким танимайдиган режиссёр эди. Ўша пайтлари у келажаги бор “Терминатор” номли сценарий ёзиб, Голливуднинг кўплаб компанияларига таклиф қилди. Бироқ Гейл Анна Херддан бошқа ҳеч ким энди иш бошлаган режиссёр билан ҳамкорлик қилишни истамади. Херд агар Кэмерон фильмга бўлган ҳуқуқини бор йўғи 1 долларга унга сотсагина фильм режиссёри бўлиши мумкинлигини айтди. Кемерон худди шундай қилди. У фильмга бўлган ҳуқуқини йўқотган бўлса-да, бу қадам уни машҳур ва дунёдаги энг яхши тўланадиган режиссёрга айлантирди. 

Веном (Ўргимчак-одам)

9. Ўргимчак-одам — энг сердаромад қаҳрамонлардан бири.

1982 йилда Рэнди Шуэллер исмли Иллинойс штатилик “ўргимчак-одам” ишқибози Marvel Comics томонидан ўтказилаётган танлов учун “ўргимчак-одам”нинг сюжет чизиғини яратди. Шуэллер ўз ҳикояси қаҳрамони учун янги қора либос ҳам ясади.

Бир неча ой ўтгач, у Marvel бош муҳарриридан хат олди. Унинг ёзишича, ғоя ёққани учун уни 220 долларга сотиб олмоқчи. Шуэллер бунга жон деб рози бўлди. Натижада унинг сюжети чоп қилинмади, балки 1984 йилнинг майида “Ўргимчак-одам” махсус либосининг тақдимоти бўлиб ўтди. 2007 йилда экранларда чиққан блокбастер фильмнинг учинчи қисмининг ўзи дунё бўйича деярли 900 млн. доллар даромад қилди.  

Жек Лондоннинг “Аждодлар чақириғи” романи

10. Жек Лондон Клондайкда олтин изловчи бўлиб ишлаган вақтларидан қолган унитилмас хотираларидан “Аждодлар чақириғи” романини ёзди. Роман илк маротаба 1903 йил январида Saturday Evening Post журналининг тўрт сонида чоп этилди ва ёзувчига бу учун 750 доллар пул тўланди. 1903 йилнинг ўзидаёқ Жек Лондон асарга бўлган ҳуқуқини Macmillan Publishersга 2000 долларга сотди. Ўша пайтлари бу кўпчилик орзу қиладиган, топиш анча қийин бўлган маблағ эди. Китоб 1903 йилнинг 1 июлида сотувга чиқди, унинг нархи 1,5 доллар эди. Сотувнинг биринчи куниёқ китобнинг 10 000 нусхаси сотиб олинди. АҚШда 1914 йили 500 000, 1964 йили эса, олти миллион китоб сотилган эди. Бироқ ундан тушган даромаддан Лондон ҳам, унинг авлодлари ҳам бир сўм фойда олишмаган.

Манба: Xabardor.uz интернет нашри