Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
КОНКАКАФ кубоги: Панама барча олти ўйинда 1:1 ўйнаб, бронза медалига эга бўлди
АҚШ ва Канада мамлакатлари мезбонлик қилган КОНКАКАФ кубогида Панама терма жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
Панамаликлар мусобақа давомида олтита ўйин ўтказишди ва барча ўйинларда бир хил — 1:1 ҳисоби (ўйиннинг асосий вақтида) қайд этилди. Панама гуруҳ босқичида Гаити, Гондурас ва АҚШ билан дуранг ўйнади. Барчаси — 1:1. Улар гуруҳдан 3-ўрин билан чорак финалга чиқишди.
Чорак финалда Тринидад ва Тобаго билан ўтказилган ўйиннинг асосий вақтида ҳам айнан 1:1 ҳисоби қайд этилди ва бу ҳисоб қўшимча бўлимларда ҳам ўзгармади. Пенальтилар сериясида эса томонлар 9 мартадан зарбани амалга оширишди ҳамда Панама 6:5 ҳисобида устун келди.
Панама ярим финалда Мексикани асосий вақтда мағлуб этиши мумкин эди, аммо иккинчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда ҳакам нотўғри пенальти қўйиши натижасида ҳисоб тенглашди — 1:1. Мексикаликлар қўшимча бўлимларда гол уриб, финалга йўл олишди.
26 июль бўлиб ўтган 3-ўрин учун баҳсда панамаликлар яна АҚШ билан тўқнаш келишди. Бу сафар ҳам ўйиннинг асосий ва қўшимча бўлимларида 1:1 ҳисоби қайд этилди, пенальтилар сериясида эса Панаманинг қўли баланд келди — 3:2.
Шу тариқа, Панама терма жамоаси ўзига хос услубда қитъа чемпионатининг бронза медалини қўлга киритди.
КОНКАКАФ кубоги
3-ўрин учун баҳс
АҚШ – Панама 1:1 (0:0, 1:1, 0:0, 0:0), пенальтилар серияси - 2:3
Голлар: 0:1 – 55 Нурсе, 1:1 – 70 Демпси.
АҚШ – Гьюзан, Брукс, Рим, Гонсалес (Бизли, 90), Жонсон, Зуси (Йедлин, 60), Корона, Брэдли, Чендлер, Юханнссон, Вондоловски (Демпси, 60).
Панама – Мехия, Каммингз, Торрес, Дэвис, Мачадо, Камарго (Стивенс, 46; Пинсон, 90), Купер, Годой, Кинтеро, Нурсе, Блэкберн (Арройо, 88).
Огоҳлантиришлар: Жонсон (30), Купер (87), Чендлер (97), Годой (99), Йедлин (99), Торрес (115).