Фан-техника | 11:16 / 16.08.2015
5559
2 дақиқада ўқилади

Chevrolet Corvette музейи томошабинлари диққатини ҳалокатга учраган автомобиллар тортмоқда

Афсонавий Chevrolet Corvette автомобилига бағишланган миллий музей экспозициясига ўтган йили ер ўпирилиш натижасида юзага келган чуқурликка тушиб кетган машиналарнинг қайтарилиши билан музейда томошабинлар миқдори кўпая бошлади.

2014 йилнинг июнида ер ўпирилиш натижасида музейнинг марказий залида улкан чуқурлик ҳосил бўлди. Музей экспонатлари бўлган машиналар у ерга тушиб кетиб, жиддий зарар кўрди. Музей маъмурияти жарликни ёпмай, экспонат сифатида сақлаб қолишга қарор қилди. Унинг ичига тушиб кетган машиналарни эса пачоқ бўлган аҳволида экспозицияга қайтаришга қарор қилинди.

Лойга ботган, пачоқ бўлиб кетган бир қанча Corvette’лар яна ўз постаментларига қайтди, деб хабар беради Fox News.
Шу воқеадан сўнг музейга ташрфи буюрувчилар сони яна кўпайди, унинг Facebook’даги саҳифасида эса обуначилар сони 4 баробарга ошди. Бундан ташқари, июль ойида музей қошидаги дўкон чуқурликдан олиб чиқилган лой солинган 2.4 минг идишни 10 доллардан сотишга эришди.

Экспозицияда, шунингдек, ўпирилиш қайд қилинган видеоролик намойиш қилинади. YouTube’да ушбу ролик 8.5 млн марта томоша қилинди.