Қариялар учун Самарқандга туристик саёҳат уюштирилди
19 август куни Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги қошидаги Республика Уруш ва меҳнат фахрийлари пансионатида умргузаронлик қилаётган меҳнат фахрийлари ва кексалар учун Самарқандга саёҳат ташкил қилинди. Ҳурматга сазовор кексаларимиз туристлар учун мўлжалланган замонавий автобусда кўҳна шаҳарга етиб бордилар.
Қариялар, айниқса, Регистон майдонини обдон томоша қилдилар. Учта катта мадраса - Тилла Қори, Шердор ва Улуғбек мадрасалари комплекси билан ўралган майдонда туришар экан, худди ўша замонларда Самарқанднинг асосий бозор майдони бўлган жойда турли томонлардан тужжорларнинг чақириқлари келгандек бўлди.
Республика Уруш ва меҳнат фахрийлари пансионатида яшовчи кексалар Темурийлар даври тарихи билан боғлиқ кўҳна шаҳар кўчаларини сайр қилиш баробарида Имом ал-Бухорий мақбарасини ҳам зиёрат қилишди. Мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан тиклаб ободонлаштирилган ушбу тарихий-маданий комплекс уларни ҳам ҳайратда қолдирди.