Ўзбекистон | 12:00 / 28.08.2015
7578
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ҳарбийлар АҚШнинг зирҳли автомобилларни бошқариш курсларини ўтайди

Ўзбекистонлик бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар АҚШнинг зирҳли автомобилларини бошқаришни ўрганиш учун махсус ўқишларда қатнашади. Бу ҳақда АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Дэниел Розенблюм Ўзбекистонга ташрифи чоғида айтиб ўтди.

Унинг сўзларига қараганда, АҚШ Ўзбекистон мудофаа вазирлигига 328 зирҳли автомобиль етказиб берган бўлиб, шулардан 308таси MRAPs зирҳли автомобиллари ва 20 дона таъмир-эвакуация машиналаридир.

“MRAPs машиналарини етказиб беришни қишда бошлаган эдик, етказмалар яқинда тугади”, - деди у.

Шунингдек Розенблюм, ушбу техника Афғонистонда ишлатилмаганини ва тўғридан-тўғри АҚШдан етказилганини таъкидлади.
Илгарироқ Розенблюм Ўзбекистонга ИШИДга қарши коалицияга қўшилишни таклиф қилгани хабар қилинган эди.

Унинг таъкидлашича, коалиция ҳарбий соҳагагина йўналтирилмай, балки радикалларни молиялаштиришга қарши курашни, уларнинг сафларига янада кўпроқ одамлар қўшилишининг олдини олишни ҳам кўзда тутади.