Суриялик қочоқни 60 минг доллар билан қўллаб-қувватлашди
Норвегиялик блогер Indiegogo да ўзига хос кампания ташкиллаштирди. Бундан мақсад суриялик қочоқларга ёрдам қилишдир. Унинг бу фикрга келишига худди шундай сурияликнинг қўлида қизини кўтариб олган ҳолда Ливан кўчаларида ручка сотиб юрган ҳолатидаги сурати сабаб бўлди. Халқаро ОАВларнинг бунга аҳамият қаратиши натижасида бир кунда ўйлангандан ўн карра кўп — 60 минг доллар миқдорида маблағ йиғилди.
Абдул (чапда) қизи Рим ва ўғли Абдулилл билан
Суриялик қочоқ атрофидаги гап-сўзлар 25 август куни, норвегиялик блогер Гиссур Симонарсон (Gissur Simonarson) ўзининг микроблогида суриялик қочоқ эркакни Ливаннинг Байрут кўчаларида қидириб юргани ҳақидаги хабарни эълон қилгач пайдо бўлди. Нотаниш эркак бир қўлида қизини кўтариб олганча, яна бир қўлида ручкалар билан шаҳар кезиб юрган.
Симонарсон бир нечта блогерлар кўмагида Ливандаги суриялик қочоқларга кўмак берувчи ташкилот вакиласи Кэрол Малуф (Carol Malouf) билан танишиб қолди. Унинг ёрдамида нотаниш қочоқ эркакнинг кимлиги аниқланди. Унинг исми Абдул бўлиб, ярим суриялик, ярим фаластинлик экан. У бундан олдин юзлаб қочоқлар истиқомат қиладиган Ярмукдаги лагерда яшаган экан.
2011 йилдан бери Сурияда давом этиб келаётган фуқаролар уруши туфайли Абдул у ердан мунтазам иш топа олмаган. Унинг қизи Римнинг ёши 4,5 да, ўғлининг ёши эса 9 да. Ҳозирга қадар Малуф унинг оиласидан хабар олиб туради.
Симонарсоннинг NBC News га берган изоҳига қулоқ осадиган бўлсак жамоатчиликнинг назарига тушиш қочоқни қўрқитиб юборган ва уни топиш анча мушкуллашган.
У жуда ҳам қўрқиб кетган, чунки одамлар келиб у билан гаплашишга уринишган. Шу боис у эътиборни чалғитиш мақсадида турли жойларда юрган. Уни қидириб топишга анча вақт кетган. Кимдир биз у билан боғлана олишимиз қулай бўлсин учун унга қўл телефони совға қилган.
Гиссур Симонарсон, Норвегиялик блогер
27 август куни норвегиялик блогер ажойиб бир кампания ташкил этди. Indiegogo да қўйилган ва “Buy pens” (“Ручка сотиб олинг”) деб номланган хайрия ишидан мақсад Абдул ва унинг оиласи учун 5 минг долларга яқин маблағ йиғиш ва уни қочоқ оиласига моддий ёрдам сифатида тақдим этишдан иборат бўлган.
28 август куни 58 минг доллар йиғилганидан сўнг, Симонарсон Indiegogo фойдаланувчиларининг нечоғлик фидойи эканликларини эълон қилди. Рейтингда АҚШ ва Буюк Британия биринчи ўринда (ғарбдаги эътироф юзасидан) учинчи ва тўртинчи ўринни БАА ва Саудия Арабистони эгаллади.
Блогернинг сўзларига қараганда, ЮНИСЕФ аллақачон бу оилага пул жўнатган, аммо уни Абдулга тўғридан-тўғри олиб бориш ўта хавфли. “Балки унга ҳар ой давомида тўсиқларсиз пул етказиб берадиган бирор-бир фонд жорий қилиниши керакдир. Мен бундай муваффақиятга эришаман деб сира ўйламагандим”, — дейди Симонарсон кампания муваффақияти ҳақда гапирар экан.
Суриялик қочоқларга интернет орқали кўплаб ёрдам беришади. 20 август куни Австриянинг iTunes топ чарти ҳам худди шундай акция уюштирганди.
Манба: Xabardor.uz