Фан-техника | 11:23 / 03.09.2015
3162
2 дақиқада ўқилади

Siemens компанияси IFA 2015 кўргазмасида янги флагман смартфонларини намойиш қилди

Ҳар йили ўтказиладиган IFA 2015 истеъмолчилик электроникаси кўргазмасида Siemens компанияси ўзининг янги Gigaset бренди остидаги янги смартфонларини намойиш қилди, деб ёзмоқда Android Headlines нашри.

Янги моделлар қатори учта моделдан иборат: Gigaset ME, Gigaset ME Pro ва Gigaset ME Pure.

Gigaset ME 1920х1080 пикселли 5 дюймли экран билан жиҳозланган ва 1,8 ГГц такт частотасига эга бўлган Qualcomm Snapdragon 810 процессорида ишлайди.

Тезкор хотира 3 Гб, доимий хотира 32 Гбни ташкил қилади ва 128 Гбгача оширилиши мумкин. 15 Мпли асосий ва 5 Мпли олд камерага эга. Аккумулятор сиғими 3000 мА-соатни ташкил қилади. Смартфон иккита SIM-карта ва LTE тармоғида ишлайди ҳамда бармоқлар сканерига эга.

Gigaset ME PRO модели каттароқ ўлчамга эга. Қурилма 1920х1080 пикселли 5,5 дюймли экран билан жиҳозланган, қувватлироқ 4000 А-соат батареяга ва 20 Мпли камерага эга. Қурилманинг оғирлиги 195 граммни ташкил қилади.

Ушбу моделлар қаторида энг оддийси Gigaset ME Pure ҳисобланади. Қурилма Snapdragon 615 процессорида ишлайди, 13 Мпли асосий камера ва 2 Гб тезкор хотирага эга. Ички ўрнатилган флеш-хотира 16 Гб ҳажмга эга. Бироқ аккумулятори Gigaset ME’никидан кучлироқ ва 3200 МА-соатни ташкил қилади.

Янги қурилмалар жорий йилда сотувга чиқарилади. Gigaset ME PRO 549 евро, Gigaset ME 469 евро ва Gigaset ME Pure 349 евродан сотилиши режалаштирилган.