Ўзбекистон | 15:25 / 04.09.2015
6397
3 дақиқада ўқилади

Ислом Каримов Пекинда Ғалабанинг 70 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимларда иштирок этди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 2—3 сентябрь кунлари ташриф билан Пекин шаҳрида бўлди.

«Ўзбекистон раҳбари 3 сентябрь куни Пекин шаҳрида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 70 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимларда иштирок этди.

Хитой халқи ўша йиллардаги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий қийинчиликларга қарамай истилочиларга қарши мардонавор курашиб, Иккинчи жаҳон урушининг ҳур фикрли инсоният фойдасига якунланишига улкан ҳисса қўшган.

Пекин шаҳридаги Тяньаньмэнь майдонида ушбу ғалабанинг 70 йиллигига бағишлаб ўтказилган ҳарбий парад умумбашарий аҳамият касб этди. Унда ўттизга яқин мамлакатдан давлат ва ҳукумат раҳбарлари, БМТ, ШҲТ каби халқаро тузилмалар раҳбарлари қатнашди.

Ҳарбий парад ўтказишдан кўзланган асосий мақсад халқлар озодлиги йўлида жон фидо қилган инсонлар хотирасига ҳурмат бажо келтириш, дунёда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашда ҳамкорликни кучайтириш, ёш авлод қалбида тинчликни қадрлаш туйғуларини шакллантиришдир.

Давлатимиз раҳбарининг Пекинда ўтказилган тантанали маросимларда иштирок этиши мамлакатимизнинг дунёда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлашга интилиши, шу билан бирга, Ўзбекистон ва Хитой халқлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликнинг ёрқин ифодаси бўлди.

Ташриф асносида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан учрашди.
Пекинда ўтган олий даражадаги мулоқот чоғида томонлар ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, уни янада ривожлантириш истиқболларини атрофлича муҳокама қилдилар, ўзларини қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Хитой Халқ Республикасига ташрифи доирасида 3 сентябрь куни ХХР Давлат кенгаши Бош вазири Ли Кэцян билан учрашди.

Суҳбат чоғида Президент Ислом Каримовнинг ушбу ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро стратегик шериклик муносабатларини изчил мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.

Томонлар олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Хитой Халқ Республикасига ташрифи ниҳоясига етди. Давлатимиз раҳбарининг Иккинчи жаҳон уруши қурбонлари хотирасига ҳурмат бажо келтиргани хайрли қадам, Хитой раҳбарияти билан самарали музокаралари халқларимиз манфаатлари йўлидаги муҳим амалий тадбир бўлди», — дейилади ЎзА хабарида.