Ўзбекистон – Хитой: ҳамкорлик стратегик шериклик асосида изчил ривожланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 2 сентябрь куни Пекин шаҳрига борди.
Пекин шаҳрининг “Шоуду” халқаро аэропортида Ўзбекистон Президентини расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Ислом Каримов бошчилигидаги делегация ўзи учун ажратилган «Дяоюйтай» қароргоҳига йўл олди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов шу куни Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан учрашди.
Давлатимиз раҳбари ХХР Раисини Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 70 йиллиги билан табриклаб, Хитой халқи бу ғалабага улкан ҳисса қўшганини таъкидлади.
"Ушбу шонли санада Сизни ва Сиз орқали бутун Хитой халқини табриклаш менга катта мамнуният бағишлайди. Истилочиларга қарши курашиб, кўплаб қурбонлар ва катта йўқотишлар эвазига Иккинчи жаҳон урушининг якунланишига салмоқли ҳисса қўшган инсонлар хотираси олдида бош эгамиз. Бу ғалаба бугун дунёда ҳақли равишда муносиб ўрин эгаллаган янги Хитой давлатининг шаклланиши ва ривожланишига замин яратган", – деди Ислом Каримов.
ХХР Раиси давлатимиз раҳбарини Хитойга ташрифи билан қутлаб, таклифини қабул қилгани учун миннатдорлик билдирди.
"Сиз билан яна бир бор учрашиб турганимдан ғоят хурсандман. Фурсатдан фойдаланиб, Сизни ва дўст Ўзбекистон халқини Мустақиллик байрами билан табриклайман. Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашган Ўзбекистон халқи Хитойга дардкаш бўлган, халқимизни қўллаб-қувватлаган. Биз буни ҳеч қачон унутмаймиз ва бугунги ўзаро ҳамкорлигимизни ғоят қадрлаймиз", – деди Си Цзиньпин.
Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилган. Ўзаро манфаатдорликка асосланган ҳамкорлик сиёсат, иқтисодиёт, савдо, саноат, молия, қурилиш, илм-фан, таълим, маданият соҳаларининг барча йўналишларини қамраб олган. Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация, Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги қўшма декларация каби қатор муҳим ҳужжатлар асосида изчил тараққий этмоқда.
Мамлакатларимиз ҳамкорлиги ривожида Ислом Каримов билан Си Цзиньпин ўртасидаги яқин дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч муҳим ўрин тутмоқда. Икки давлат раҳбарлари мунтазам учрашиб, ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва янада кенгайтириш борасида фикр алмашиб келмоқда. ХХР Раиси 2013 йил сентябрь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келди. Давлатимиз раҳбари 2014 йил август ойида давлат ташрифи билан Хитойда бўлди. Ислом Каримов ва Си Цзиньпин жорий йил июль ойида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммити доирасида Уфа шаҳрида ҳам учрашдилар.
Пекинда ўтган олий даражадаги мулоқот чоғида томонлар ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолати, уни янада ривожлантириш истиқболларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Мамлакатимизда Хитой билан ҳамкорликда қатор йирик инвестициявий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўрта Осиё – Хитой газ қувури, Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўл линияси, “Навоий”, “Жиззах” ва “Ангрен” индустриал зоналарида йўлга қўйилган ишлаб чиқариш қувватлари самарали ҳамкорликнинг ёрқин намуналаридир. Юртимизда Хитой сармояси иштирокида тузилган беш юздан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми изчил ўсмоқда. Бу кўрсаткич сўнгги 6 йилда 3 карра ортиб, 2014 йилда 4,7 миллиард АҚШ долларига етди. Жорий йилнинг биринчи ярмида ўзаро савдо айланмаси 11,7 фоиз ўсди.
Ислом Каримов Хитой билан ҳамкорликни юксак қадрлашини, ўзаро ишонч ва манфаатдорликка асосланган алоқалар барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Си Цзиньпин Хитой Ўзбекистонни истиқболли стратегик шерикларидан бири деб билишини, ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини қайд этди.
Томонлар Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга доир кенг кўламли масалалар, ўзларини қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашдилар.
Президентимиз Ислом Каримов байрам тантаналари муносабати билан Хитойга таклиф этилган мамлакатлар давлат ва ҳукумат раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди.