Жамият | 16:25 / 30.09.2015
5671
1 дақиқада ўқилади

Асли қозоғистонлик бўлган полициячи АҚШда машҳурликка эришди

Бруклин (Нью-Йорк, АҚШ) метроси яқинида асли қозоғистонлик бўлган полициячи Дониёр Нуртазо кўчада фарзандини дунёга келтираётган аёлга туғруқ жараёнида кўмаклашди.

“Тез тиббий ёрдам” ва полиция аёлни 27 сентябрь куни эрталабки 5:30ларда метро яқинида топишган, дея хабар тарқатди NYDailynews.com.

“Биз унинг олдига етиб борганимизда аёл фельдшер ёрдамида фарзандини дунёга келтирган экан. Мен тезлик билан тез тиббий ёрдам машинасига бориб, унга керакли асбоб-ускуналарни олиб бердим. Барчаси жуда тез содир бўлди ва содир бўлаётган воқеаларни англаб олишга ҳам улгурмадим. Улгурганимиздан бахтиёрман”, - дея Нуртазо ўз ҳиссиётларини улашган.

Нуртазо АҚШда 2002 йилдан буён яшаб келмоқда. У 2008 йилда Америка фуқаролигини олиб, 2010 йилда полицияга ишга кириш учун имтиҳон топширган. Орадан тўрт йил ўтиб, у тўлақонли қонун ҳимоячисига айланган.