Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 7 октябрь куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.

Ташрифнинг асосий тадбирлари 8 октябрь куни бўлиб ўтди.

УзА хабарига кўра, Кўксарой қароргоҳида Туркманистон Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтган. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ислом Каримов ва Гурбангули Бердимуҳамедов шоҳсупага кўтарилдилар. Икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради. Президентлар фахрий қоровул сафи олдидан ўтишди.

Ислом Каримов ва Гурбангули Бердимуҳамедов тор доирадаги музокаралар чоғида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама этдилар, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Президентимиз Туркманистон раҳбарининг ушбу ташрифи мамлакатларимиз муносабатлари тарихида муҳим сиёсий воқеа, яхши қўшничиликка асосланган ҳамкорлигимиз изчил ривожланиб бораётганининг далолати эканини таъкидлади.

Туркманистон Президенти давлатимиз раҳбарига таклиф учун миннатдорлик билдириб, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда муттасил тараққий этаётганини мамнуният билан қайд этди.

Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишонч, манфаатларни ҳурмат қилиш, халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаш тамойиллари асосида ривожланмоқда. Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик барча долзарб масалалар бўйича томонларнинг позициялари ўхшаш ёки яқиндир. Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади. Туркманистоннинг ташқи сиёсати бетарафлик, тинчликсеварлик, яхши қўшничилик тамойилларига қурилган.

Ўзбекистон ва Туркманистон қўшни Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.

Икки давлат раҳбарлари Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашар экан, Афғонистонда ҳарбий куч ишлатиш йўли билан тинчлик ўрнатиб бўлмаслигини яна бир бор таъкидладилар. Терроризм, уюшган жиноятчилик, наркотрафик каби таҳдидларга қарши курашиш борасидаги ҳамкорликка доир масалаларни ҳам муҳокама этдилар.