Фан-техника | 10:58 / 13.12.2015
6196
2 дақиқада ўқилади

НАСА 2016 йил учун Ойнинг барча фазаларининг 4К-тасвирларини интернетга жойлаштирди

НАСА 2016 йил давомида Ойнинг Ердан кузатилгандаги тебранишлари ва фазаларини намойиш қилувчи 4К кўрсатиш қобилиятидаги видео ва компьютер дастурини тақдим қилди. Бу ҳақда агентлик сайтида маълум қилинди.

Видеода Ойнинг, жумладан Ер атрофида эллиптик орбита бўйича айланиши сабабли тебранишларини кўриш мумкин. Бу биз Ой сиртининг фақатгина 60 фоизини кўришимиз мумкинлиги ҳақидаги фикрга олиб келади.

Ой Ер атрофида бир соат айланиши видеодаги бир кадрга тўғри келади. Юқори тасвир сифати эвазига видеода кратерлар ва ҳаракатланаётган терминатор (ёруғлик ва сояни ажратувчи чизиқ) яққол кўриниб турибди.

Компьютер дастури Ойнинг 2016 йилнинг исталган санасидаги кўринишини Ернинг жанубий яримшарида бўлган кузатувчи сифатида кўриш имконини беради. Бунинг учун дастурдаги мос майдонга керакли маълумотни киритиш етарли бўлади.

Ушбу инновацион дастур эвазига Ойнинг кўринувчи диаметрини реал вақтда ва Ердан унгача бўлган масофани кўриш мумкин, олинган юқори сифатли тасвирларни эса бевосита сайтдан юклаш мумкин.

НАСА бу дастурни 2009 йилдан бери орбитада бўлган LRO (Lunar Reconnaissance Orbiter) ой йўлдоши орқали олинган маълумотлар ёрдамида яратди. Бу қурилма Ойгача бўлган масофани ўлчашга имкон берувчи лазерли баландлик ўлчагич ва унинг сиртидан юқори сифатли тасвирлар олишга имкон берувчи камера билан жиҳозланган.