Жаҳон | 16:14 / 01.01.2016
4842
2 дақиқада ўқилади

Ироқнинг Ар-Рамади шаҳрида портлаш юз бериб, 16 киши ҳалок бўлди

Ироқ ҳарбийлари томонидан ўтган ҳафтада ИШИД қўлидан озод қилинган Ар-Рамади шаҳрида портлаш юз бериши натижасида 16 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда "Синьхуа" ахборот агентлиги хабар тарқатмоқда.

Портлаш шаҳарнинг айнан қайси туманида содир этилгани ҳақида маълумот йўқ. Шунингдек, бу теракт туфайли қанча киши жароҳатлангани ҳақида аниқ хабар берилмаган.

Ироқ армияси 27 декабрь куни Ар-Рамади марказига байроқ ўрнатиб, 2014 йил ёзидан бери жангарилар қўлида бўлган шаҳарни озод этгани ҳақида эълон қилганди. Бу шаҳар маркази бўлган Анбар вилояти губернатори Суҳейб ар-Рави шаҳарнинг 80 фоизида назорат ўрнатилгани, қолган қисмида жангарилар аҳолидан "тирик қалқон" сифатида фойдаланган ҳолда таслим бўлмай тургани ҳақида маълум қилган.

Шунингдек, АҚШ Давлат котиби Жон Керри Ар-Рамади шаҳрининг бир қисми ҳали ҳам ИШИД қўлида қолаётгани ҳақида айтган.

Ироқ армияси Рамадини жангарилардан тўла озод қилиб, шаҳарга байроқ ўрнатди

Керри: Рамади шаҳрининг бир қисми ҳали ҳам ИШИД қўлида қолмоқда

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш