Жаҳон | 16:55 / 04.01.2016
8324
2 дақиқада ўқилади

Баҳрайн эронлик дипломатларга ўз ҳудудини тарк этиш учун 48 соат муҳлат берди

Баҳрайн Эрон билан дипломатик алоқаларни узди. Бунга Эронда Саудия Арабистонининг элчихонаси ва консуллиги биноларига уюштирилган ҳужумлар сабаб бўлди.

Рейтер агентлигининг BNA агентлиги хабарига асосланиб, маълум қилишича, баҳрайнликлар эронлик дипломатларга ўз ҳудудидан чиқиб кетиш учун 48 соат муҳлат берди.

АР нашри хабарига кўра, Баҳрайн ахборот вазири Исо ал-Ҳамадий Эрон билан муносабатларнинг узилишини қўллаб-қувватлаб чиққан.

Эслатиб ўтамиз, 2 январь куни Саудия Арабистони ҳукумати томонидан 47 киши, шу жумладан, таниқли шиа тарғиботчиси Нимр ан-Нимрнинг қатл этилганини эълон қилди.

Теҳрондаги Саудия Арабистони элчихонаси қаршисида ҳамда Эрон шимоли-шарқидаги Машҳад шаҳрида норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

3 январь куни Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр “Қироллик ички ишларига очиқдан очиқ суқилгани, регионда душманчилик ҳаракатларини амалга оширгани ва Теҳрондаги Қироллик элчихонасига ҳужум уюштиргани учун” Эрон билан дипломатик алоқалар батамом узилгани ҳақида эълон қилган эди.