Жаҳон | 08:03 / 05.01.2016
6875
2 дақиқада ўқилади

Сурия мухолифати барча араб давлатларини Эрон билан муносабатларни узишга чақирди

Сурия миллий мухолиф коалицияси Саудия Арабистони ва Эрон ўртасида юзага келган зиддият фонида барча араб мамлакатларидан Эрон билан алоқаларни узишни талаб қилди. Бу ҳақда Рейтер агентлиги хабар тарқатмоқда.

Қайд этилишича, Сурия мухолифати Саудия Арабистони ва Эрон ўртасида юзага келган низода саудияликларнинг томонида туради ва бошқа барча араб мамлакатларини ҳам шунга ундайди.

Маълумот учун, Эрон Сурия президенти Башар Асадни мухолифатга қарши курашидаги асосий иттифоқчиларидан бири бўлиб, Саудия Арабистони бунга қаршилик билдириб келмоқда эди.

Бундан олдинроқ, АҚШ Саудия Арабистонини Нимр ан-Нимрнинг қатли ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирганди.

Эслатиб ўтамиз, 2 январь куни Саудия Арабистони ҳукумати томонидан 47 киши, шу жумладан, таниқли шиа тарғиботчиси Нимр ан-Нимрнинг қатл этилганини эълон қилди.

Шу куни Теҳрондаги оммавий тартибсизликлар натижасида Саудия Арабистони элчихонаси вайрон қилинди.

3 январь, якшанба куни Саудия Арабистони Эрон билан дипломатик алоқаларни узганлигини билдирди.

Шундан сўнг, Баҳрайн ва Судан Эрон элчилари ва дипломатларини ўз ҳудудидан чиқариб юборишга киришди, БАА эса Эрондан ўз элчисини чақириб олди.