Жаҳон | 10:56 / 06.01.2016
4691
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Жанубий Корея КХДРнинг водород бомбасини синовдан ўтказишини қоралаб чиқди

АҚШ маъмурияти Шимолий Корея водород бомбасини синовдан ўтказгани ҳақидаги ахборотни айни пайтда комил ишонч билан тасдиқлай олмайди, аммо Пхеньяннинг БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларининг бузишини кескин қоралайди. Бу ҳақда Оқ Уй Миллий хавфсизлик кенгашининг расмий вакили Нэд Прайс маълумот берди.


“АҚШ Корея ярим оролида, КХДР ядровий полигони атрофида сейсмик фаоллик кузатилаётганидан бохабар. Биз вазиятни кузатмоқдамиз ва уни бошқа минтақавий шериклар билан яқиндан баҳолашда давом этмоқдамиз”, - унинг сўзларини келтиради ТАСС агентлиги.

Ўз навбатида, Жанубий Корея ташқи ишлар вазири ўринбосари Лим Сун Нам ТИВ ходимлари билан ўтказилган фавқулодда йиғилиш чоғида шимолий қўшниларни қаттиқ танқид остига олди.

“Шимолий Кореянинг навбатдаги провокацияси – БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси талабларининг бузилиши ҳамда халқаро миқёсдаги тинчлик ва барқарорликка таҳдид”, - таъкидлади у.

Жанубий Корея президенти Пак Кин Хе миллий хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишини тўплаб, қўшинлар тайёргарлигини муҳокама қилишга кўрсатма берди.