Жаҳон | 14:34 / 08.01.2016
4177
1 дақиқада ўқилади

Керри Хитойнинг КХДРга “ўзгача ёндашуви” муваффақиятсизликка учраганини эътироф этди

АҚШ давлат котиби Жон Керрининг фикрига кўра, Хитой КХДРга босим ўтказувчи асосий куч вазифасининг уддасидан чиқа олмади ва Шимолий Корея атом бомбаси муаммосини ҳал қила олмади.

“Хитойнинг ўзгача ёндашуви бор эди, биз уларга бу ёндашувни амалга ошириш учун майдон тақдим этишга рози бўлдик. Бугун хитойликлар билан бўлган суҳбатда мен илгаригидай ҳаракат қила олмаслигимизни уларга очиқ-равшан тушунтирдим”, - унинг сўзларини келтиради Интерфакс агентлиги.

ХХР ТИВнинг хабарига кўра, кеча ташқи ишлар вазири Ван И АҚШ давлат котиби билан телефон орқали мулоқот қилди. Унда икки томон Шимолий Корея ядровий муаммосини, хусусан, расмий Пхеньян яқинда водород бомбасини синовдан ўтказгани билан боғлиқ гап-сўзларни муҳокама қилди.