Жаҳон | 09:49 / 15.01.2016
4390
1 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Украина ўртасида “очиқ осмон” шартномаси кучга кирди

14 январь куни кучга кирган АҚШ ва Украина ўртасидаги “очиқ осмон” тўғрисидаги шартнома унинг иштирокчиларига ҳар қандай бошқа мамлакатга йўл олаётган авиарейслар йўловчиларини ўз ҳудудида қабул қилиш ҳуқуқини беради. Бу ҳақда Украина инфратузилмалари вазири Владимир Омелян “Фейсбук” орқали маълум қилди.

“Бугунги кунда Украина ва АҚШ очиқ осмонда тўлақонли шериклар ҳисобланади. Ҳозиргина АҚШнинг Украинадаги элчихонаси Украина ва Қўшма Штатлар ҳукуматлари ўртасидаги ҳаво ташувлари тўғрисидаги келишувнинг барча юридик расмиятчиликлари тугаб, кучга кирганини маълум қилишди”, - деди у.

Унинг сўзларига кўра, мазкур келишув ҳар икки томон авиаташувчиларига ҳаво ташувларининг эркин частоталари ва ҳажмини ҳам белгилаб беради. Шунингдек, қабул қилинган томон аэропортларида мустақил равишда ер усти хизматларини кўрсатишга ҳам ижозат беради.