Жаҳон | 08:17 / 16.01.2016
3627
2 дақиқада ўқилади

Венесуэлада 60 кунлик фавқулодда иқтисодий ҳолат эълон қилинди

Венесуэла президенти Николас Мадуро мамлакатнинг барча ҳудуларида 60 кунлик фавқулодда иқтисодий ҳолатни эълон қилди, дея хабар қилинмоқда Sumarium нашриёти сайтида.

Қайд этилишича, мазкур чора амалдаги конституция доирасида қабул қилинган. Фармон Венесуэла телевиденияси орқали жонли эфирда ўқиб эшиттирилган. Фармон барча венесуэлаликларнинг таълим, соғлиқни сақлаш, турар-жой ва спорт бўйича ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтирилган.

Фармон Мадуро парламент олдида ҳисобот бериши керак бўлган вақтдан бир неча соат олдин матбуотда эълон қилинган. Бу президентнинг оппозиция томонидан назорат қилинадиган Миллий ассамблея олдидаги илк ҳисоботи бўлади.

Иқтисодиётда фавқулотда чораларни қўллаш ҳақида Мадуро илгари ҳам огоҳлантирган. Ҳозирда Венесуэладаги вазият нефть нарҳининг пасайиши, ҳокимиятнинг ижро этувчи ва қонун чиқарувчи бўғимлари ўртасидаги институционал инқироз туфайли маҳсулотлар тақчиллиги, инфляция ва давлат даромадларининг тушиб кетиши фонида инқирозли тус олди.

Венесуэлла қонунчилигига кўра, инқирозли вазиятни ҳал этишда одатий чоралар ёрдам бермаган вақтда фавқулодда ҳолат эълон қилинади. Бундай ҳолатнинг эълон қилиниши президент ваколатларини кенгайтириш ҳамда конституцион кафолатларни чегаралаш имконини беради.

Эълон қилинган фавқулодда ҳолатга оид кўпроқ маълумотлар янги иқтисодиёт вазири Луис Салас томонидан тез кунларда маълум қилинади. Аввалроқ Мадуро 90 фоиздан ортиқ кўрсаткичда нефть даромадларига боғлиқ бўлган Венесуэла иқтисодиётида ишлаб чиқаришни ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини тақдим этиши ҳақида гапирган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш