Россиянинг «НТВ» телеканалида «Поедем, поедим!» кўрсатувининг Ўзбекистонга бағишланган сони намойиш этилди
16 январь куни Россиянинг «НТВ» телеканалида телебошловчи Жон Уорреннинг Самарқандда суратга олинган «Поедем, поедим!» («Борамиз, тановул қиламиз») кўрсатуви намойиш этилди. Бу ҳақда «Afisha.uz» интернет-нашри хабар тарқатмоқда.
Манбада ёзилишича, 30 йилдан буён рус тилини ўрганиб, 20 йилдан бери Россияда яшаб келаётган кўрсатув бошловчиси, буюк британиялик Жон Уоррен 2012 йилдан бошлаб «НТВ» телеканалида «Поедем, поедим!» («Борамиз, тановул қиламиз») номли мазали таомлар ва саргузаштлар ҳақидаги шоу-кўрсатувни олиб боради.
2015 йилнинг ноябр ойида Жон суратга олиш гуруҳи билан бирга Ўзбекистонда бўлди ва Самарқанд ҳақида ҳикоя қилувчи кўрсатув тайёрлади. Кўрсатувда нон ёпиш ва димлама тайёрлаш жараёнлари кўрсатилган.
Жон Уоррен нафақат Самарқандни айланди, балки у қадим шаҳарнинг энг машҳур афсоналари ҳақида сўзлаб берди. Қадим шаҳар тарихи баён қилинди, гилам тўқиш ва сўзана тикиш, ўзбек бозорининг ўзига хос томонлари акс эттирилди, дейилади хабарда.