Ўзбекистон | 18:06 / 21.01.2016
3736
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда муомалага чиқарилган пластик карточкалар сони 16 миллион донадан ошди

Республикамизда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2015 йилдаги банк тизимининг фаолияти якунларига бағишланган кенгайтирилган Бошқарув мажлисида айтиб ўтилди.

Мажлисда таъкидланишича, муомалага чиқарилган пластик карточкалар сони йил сайин ортиб, уларнинг умумий сони бугунги кунга келиб 16,3 млн. донадан ошди, савдо ва хизмат кўрсатиш шахобчаларига ўрнатилган ҳисоб-китоб терминаллари сони эса 183,1 мингтага етди.

Шунингдек, ҳисобот йилида молиявий хизматлар таркибида, бевосита банк хизматларининг улуши 88 фоизга етиб, бу кўрсаткич ҳам 2014 йилга нисбатан 1,3 баробардан зиёд ошди. Бу эса аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига замонавий банк хизматлари кўрсатиш сифати ва кўламини кенгайтириш борасида кўрилаётган мақсадли чора-тадбирларнинг самарасидир.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш