Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Намангандаги “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти янги бинога кўчиб ўтди
Наманган шаҳрида жойлашган “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртининг (собиқ “Мулла Қирғиз” мадрасаси) янги бинога кўчириш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур маросимда Наманган шаҳри фахрийлари, маҳалла оқсоқоллари, масжид имом-хатиблари иштирок этишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов сўзга чиқиб, йиғилганларга ушбу ислом билим юртининг тарихи ҳамда фаолияти ҳақида маълумот бериб ўтди. Наманган вилоят вакиллиги томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятидан мадраса биносини янги, замонавий ва барча талабларга жавоб берадиган бинога кўчириш масаласи сўралган эди. Ҳукумат томонидан бу масала ижобий ҳал этилган.
Муфтий Наманган шаҳрининг баланд ҳудудида жойлашган, хушҳаво иқлимга эга бўлган ҳамда барча қулайликлари мавжуд “Оромгоҳ” даҳасидан мадраса учун янги мажмуа ажратилганини мамнуният билан эълон қилди.
Мазкур мажмуа бир неча бинолардан иборат бўлиб, унда замонавий ўқув биноси, ҳамда барча қулайликларга эга бўлган талабалар турар жойи ҳам мавжуд. Шунингдек, бу ерда ошхона, намозхона, мажлислар зали ҳамда вилоят вакиллиги учун ҳам махсус бинолар барпо қилинган.
Янги мажмуанинг ҳудуди 10 гектарга яқин бўлиб, бу ерда 10 мингдан зиёд мевали, 3 мингдан зиёд манзарали дарахт экилган.
Вилоятда фаолият кўрсатаётган масжидлар имом-хатибларнинг йиғилишлари учун мўлжалланган махсус мажлислар зали, маънавият ва маърифат хоналари, замонавий техник жиҳозлар билан таъминланган ахборот-ресурс марказлари ташкил этилган. Мажмуа замонавий иситиш ва совутиш тизимига эга.
Бундай улкан мажмуани ташкил этишдан мақсад бу масканни келажакда Ўзбекистон республикасининг диний-маърифий билим марказларидан бирига айлантириш ҳисобланади.
"Муфтий сўзининг охирида Наманган аҳлини ушбу хайрли иш билан муборакбод этиб, бу ўқув юртидан келажакда нафақат юртимизда, балки дунёга машҳур олим ва уламолар чиқишига ишонч билдирдилар", дейилади “Ислом нури” журналида.
Йиғилишда Наманган шаҳридаги “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Маматвали Турғунов сўз олиб, ушбу янгилик Наманган аҳлини жуда қувонтирганини таъкидлади. Шунингдек, бунинг натижасида талабалар кўркам, замонавий биноларда таҳсил олишлари, хушманзара жойнинг тоза ҳаволаридан баҳраманд бўлишларини билдириб, бу ҳам мамлакат мустақиллиги шарофати ҳамда юртда виждон эркинлиги таъминланганининг амалдаги тасдиғи эканини алоҳида таъкидлади.
Йиғилишда сўзга чиққан меҳнат фахрийси Боситхон Абдураҳимов ўз ҳиссиётларини қуйидагича ифодалаган: Биз кексалар бугунги йиғилишда янги хабарни эшитиб, бағоят хурсанд бўлдик. Чунки талаба ёшларимиз шаҳримизнинг энг боҳаво жойида жойлашган замонавий бинога кўчиб ўтмоқда. Олдинлари бизни фарзандларимиз анча, диққинафас жойда таҳсил олаётгани ташвишга солар эди. Бугунги шод-хуррамлик муҳтарам Президентимизнинг, ҳукуматимизнинг ёшларимизга улкан ғамхўрлиги, Наманган тарихида катта ижобий воқеа ҳисобланади. Ҳукуматимиз томонидан муқаддас динимизга кўрсатилган бу эътибор, айниқса ёшларимизнинг билим олишлари учун яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар учун биз чексиз миннатдорчилик билдирамиз.
Йиғилишнинг барча иштирокчилари, жумладан, мадраса раҳбарияти, ўқитувчилари ва талабалари томонидан ҳам билим юртига кўрсатилган катта эътибор ва ғамхўрлик учун чексиз миннатдорликлар билдирилди.
Ушбу қувончли воқеани оммавий ахборот воситаларида ёритиш, эртанги жума намозида вилоятнинг барча масжидларида намозхонларга етказиш зарурлиги тайинланган.

