Жамият | 10:53 / 06.02.2016
8886
4 дақиқада ўқилади

Тошкент давлат аграр университетида “Мунозара” турнирининг факультетлараро босқичи бўлиб ўтди

2016 йил 2 фавраль куни Тошкент давлат аграр университетида “Мунозара” турнирининг факультетлараро финал босқичи бўлиб ўтди. Унда Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор, доцент А.Абдувасиков, Ўзбекистон “Камолот” ЁИҲ Марказий Кенгаши иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Ш.Зайниддинов, “Камолот” ЁИҲ Тошкент вилояти Кенгаши матбуот бўлими мудири А. Ахмедов, иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлим мудири З. Саманова, “Камолот” ЁИҲ Қибрай тумани масъул ходимлари, университетнинг Маънавият-маърифат ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими ходимлари, профессор-ўқитувчилар, талабалар, Қибрай туманида жойлашган коллеж ва мактаб ўқувчилари иштирок этдилар.

Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор, доцент А.Абдувасиков мунозара ўйинлари ҳақида ўз фикрларни билдириб, бугунги кунда баҳс олиб боришнинг мунозара усули демократик тамойилларни ва қадриятларни тарғиб қилишда энг самарали воситаларидан бири эканлиги, мунозара жараёнида шахс ўз фикрини аниқ ва эркин тарзда ифода эта олиш қобилиятини шакллантириб бориши мумкинлиги ҳақида гапирди, ўтган 2014/2015 ўқув йилида университетнинг “Агроислоҳотчи” жамоаси “Мунозара” турнирининг республика босқичида фахрли 1-ўринни эгаллагани, бу йил ана шу кўрсаткични янада юқори кўтариш лозимлиги, бунда талабаларга жуда катта масъулият юкланганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Турнирда Ўрмон хўжалиги ва доривор ўсимликлар факультетининг “Юртим ниҳоллари” ва Агрономия факультетининг “Истиқлол ёшлари” жамоалари ўзаро беллашдилар. Тасдиқ жамоасининг спикерлари Ғ.Исроилов, Ш.Аманбаева, М.Ниғматиллаев, Инкор жамоасидан Ж.Ибрагимова, Э.Ашуров, Н.Ҳафизова иштирок этди. Иштирокчилар “Мобиль алоқа воситаларидан фойдаланиш фойдадан кўра зарар” мавзусида баҳс олиб бордилар. Уларни мунозара қоидаларига қай даражада амал қилиши 2014/2015 ўқув йилида олий таълим муассасалари орасида ўтказилган “Мунозара” турнирларида Тошкент шаҳар олий таълим муассасларидан фаол иштирок этган Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Тошкент юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг талабаларидан иборат ҳакамлар ҳайъати аъзолари баҳолаб бордилар.

Мунозара давомида ҳар иккала жамоа аъзолари фикрларини аниқ ва тушунарли етказиб беришга, тингловчиларни ўзининг ҳақлигига ишонтиришга, танқидни тўғри қабул қилишга ва жадаллик билан жавоб қайтаришга пухта тайёгарлик кўрганликларини намойиш этдилар. Турнирда Инкор жамоаси аъзолари, яъни Агрономия факультетининг “Истиқлол ёшлари”жамоаси ғолиб деб топилди. Турнир сўнгида финал ўйинларининг 1, 2, 3 спикерлар Агрономия факультети талабаси Ж.Ибрагимова, Ўрмон хўжалиги ва доривор ўсимликлар факультети талабаси Ш.Аманбаева финал ўйинларида 3-ўринни эгаллаган Қишлоқ хўжалигида менежмент факультети жамоаси аъзоси, Ў.Султонова энг яхши спикер деб топилди.

Ғолибларга “Камолот” ЁИҲ Тошкент вилояти Кенгашининг ДИПЛОМ, ФАХРИЙ ЁРЛИҚ ва эсталик совғалари топширилди.