Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннисчи қизи Австралиядаги ITF турнирини тарк этди
Ўзбекистоннинг биринчи рақамли аёл теннисчиси Нигина Абдураимова Австралиянинг Перт шаҳрида давом этаётган ва соврин жамғармаси 25 минг доллардан иборат турнирдаги иштирокини якунлади.
Мусобақада 6-рақам остида таснифланган Абдураимова иккинчи давра учрашувида мезбонлар вакилига имкониятни бой бериб қўйди. Бу ҳақда olamsport.com хабар берди.
Абдураимова уч соату бир дақиқа давом этган баҳсда австралиялик Жейми Фурлисга 7:5, 3:6, 5:7 ҳисобида ютқазди. Учрашув давомида Нигина 4та, унинг рақиби 2та эйс зарбани амалга оширди. Ўзбекистон вакили биринчи босқичда хитойлик Жинг-Жинг Луни 4:6, 6:1, 6:2 ҳисобида мағлуб этганди. Асосий тўрга саралаш баҳслари орқали етиб келган мезбон теннисчи илк босқичда япониялик Киока Окамурадан 6:1, 6:4 ҳисобида устун келганди.
Маълумот учун, Нигина Абдураимова 1994 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У ITF туркумидаги 11та турнирда ғалаба қилган (учтаси биринчи разрядда). У айни вақтда дунё рейтингида 221 ўринда турибди.