Жамият | 11:53 / 19.02.2016
12402
2 дақиқада ўқилади

Маҳмуд Намозов озарбайжонликларни “мот” қилганини айтди

Бахшиёна услубдаги қўшиқлари билан мухлислар меҳри ва ҳурматига сазовор бўлган Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Маҳмуд Намозов талабалик чоғида озарбайжонлик талабаларни қандай лол қолдиргани ҳақида журналистга сўзлаб берди.

Хонанданинг айтишича, талабалик чоғида дўсти билан тор асбобини қидириб Озарбайжоннинг Боку шаҳрига боради. Ўзлари истаган торни топа олишмагач, Боку консерваториясияга киришади.
Тор қидириб келган ўзбек йигитларидан озарбойжонлик талабалар тор чалишни билиш-билмасликлари ҳақида сўрашади. Шундан кейин улар тор чалиш маҳоратларини кўрсатишга қарор қилишади.

“Озарбайжонлик тенгдошларимиз мусиқа санъатини шу мукаммал эгаллашган эканки, қарасам, биз – ҳозирги Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети талабалари уларнинг қаршисида “иккичи”га айланиб қолдик. Ўшанда мен кучли хаяжон билан “Муножот” куйини чалишни бошладим. Чалиб бўлишим билан куйнинг сирини билолмай, мендан қайта-қайта чалишимни сўрашди. Аввалига бизни ўз маҳорати билан қойил қолдирган “рақибларимиз”ни ўзимизнинг миллий куйимиз, ҳақиқий жавоҳиримизни чалиб бериб, “мот” қилган эдик”, деб хотирлади санъаткор “Даракчи” газетасига берган интервьюсида.

Маҳмуд Намозов узоқ машаққат ва саргузаштлар билан Озарбайжондан келтирилган тор 30 йилдан буён ўзи билан бирга эканини ҳам айтди.