Жаҳон | 09:28 / 23.02.2016
7567
2 дақиқада ўқилади

WikiLeaks: АҚШ МХА Пан Ги Мун, Меркель ва Берлускони ортидан жосуслик қилган

Wikileaks ошкор қилган махфий маълумотларга кўра, АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги дунёнинг етакчи раҳбарлари БМТ бош котиби Пан Ги Мун, Германия канцлери Ангела Меркель, Исроил бош вазири Биньямин Нетаняҳу ва Италиянинг собиқ бош вазири Силвио Берлусконининг мулоқотларини яширин равишда тинглаб борган.

Портал маълумотларига кўра, шунингдек Франция президенти Николя Саркозининг, Меркель хоним ва Берлускони билан телефон суҳбатлари тингланган.

Wikileaks томонидан хабар берилишича, Пан Ги Мун ва Ангела Меркель ўртасидаги суҳбатда иқлим ўзгаришига қарши кураш муҳокама қилинган. Жаноб Нетаняҳу эса жаноб Берлусконидан АҚШ президенти Барак Обама билан алоқаларни яхшилашда ёрдам сўраган. Николя Саркози эса, Силвио Берлусконини Италия иқтисодининг аянчли аҳволи ҳақида огоҳлантирган.

Бундан олдин, Wikileaks МХА нафақат Германия канцлери Ангела Меркель офисини, бу лавозимнинг собиқ эгалари Гелмут Колт ва Герхард Шрёдерни ҳам кузатгани ҳақида хабар берганди.

Бундан ташқари, Wikileaks АҚШ МХА Германия ташқи ишлар вазири Валтер Штайнмайер телефон қўнғироқларини тинглаганини исботловчи маълумотларни ошкор қилганди.

Эслатиб ўтамиз, 4 июлда АҚШ МХА Германия ва Бразилия мансабдор шахсларини кузатиши ҳақида янги маълумотлар ошкор қилинганди. 4 июль тонгида немис матбуотида Wikileaks илова қилиниб, АҚШ махфий хизматлари Германия канцлерини ортидан жосуслик қилиши ҳақида хабар чиқди. Кейинчалик Wikileaks сайтида МХА жосуслик қилган Бразилиядаги юқори мартабали молиячиларнинг телефон рақамлари пайдо бўлди.