Жаҳон | 08:16 / 01.03.2016
3852
2 дақиқада ўқилади

Google’нинг ҳайдовчисиз автомобили биринчи марта йўл-транспорт ҳодисаси айбдорига айланди

Калифорниядаги Силикон водийсида Google компаниясининг ҳайдовчисиз автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди, деб хабар бермоқда Associated Press ахборот агентлиги. Йўл-транспорт ҳодисаси ҳақидаги хабар Калифорния автотранспорт департаменти сайтида чоп этилди.

Хабарда айтилишича, Lexus AV ҳайдовчисиз машинаси чорраҳадаги тротуарда ётган қум солинган қопларни айланиб ўтаётганда, қўшни полосада ҳаракатланаётган автобус Google машинасини ён томони билан уриб юборган. Автобус 24 км/соат тезлик билан, ҳайдовчисиз машина эса 3 км/соат билан ҳаракатланаётган бўлган.

Таъкидланишича, бу йўл-транспорт ҳодисаси йўл ҳаракати иштирокчилари бир-бирларини тушунмаган вазиятга классик мисол бўлди. Ҳайдовчисиз машина рулида ўтирган Google’нинг синов ҳайдовчиси автобус автомобилни қўйиб юборади деб ўйлаган ва шунинг учун ўзига бошқарувни олмаган. Бахтли тасодиф, тўқнашувда ҳеч ким жабрланмаган, автобус кичик шикаст олган.

Google ушбу ЙТҲ учун жавобгарликни қисман ўз зиммасига олди. Компанияда айтилишча, агар автомобиль жойида турганда тўқнашув содир бўлмаслиги ҳам мумкин эди. Шу сабабли компания ўзининг ҳайдовчисиз автомобиллари дастурий таъминотига тегишли тузатишларни киритишга ваъда берди.