Жамият | 13:22 / 02.03.2016
2205
2 дақиқада ўқилади

Ўтган ҳафта давомида Республикамизда 282 та ёнғин ҳолатлари қайд этилди

Ўтган ҳафта мобайнида Республикамиз ҳудудида 282 та ёнғинлар қайд этилган. Турли сабабларга кўра содир бўлган ёнғинларда 6 нафар фуқаролар тан жароҳатлари олишган ва 9 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Ушбу ёнғинларда 863 млн. сўмдан ортиқ қурилиш конструкциялари ва 907 млн. сўмга яқин моддий бойликлар ёнғиндан сақлаб қолинган, деб хабар бермоқда ИИВ сайти. 

Сирдарё вилояти Сирдарё туманида яшовчи фуқаро Х.Акромовнинг уйида электр симларнинг қисқа туташуви натижасида ёнғин содир бўлиб, уйнинг 80 кв.м. майдонда томи, шифт қисми ва уй жиҳозлари ёниб зарарланган.

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида яшовчи фуқаро М.Рихсиевнинг уйида иситиш печининг дудбурони қизиб кетиши натижасида ёнғин содир бўлиб, уйнинг 90 кв.м. майдонда томи, шифт қисми ва уй жиҳозлари ёниб зарарланган. 

Андижон вилояти Пахтаобод туманида яшовчи фуқаро Б.Умаровнинг ошхонасидаги газ плитасига ўрнатилган пропан газ баллонидан сизиб чиққан газ ҳидини сезмаган уй эгасининг қизи, ошхонага кириб электр чироғини ёққан вақтида хонага тўпланган газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган. Чақнаш натижасида уйнинг 40 кв. метр майдонда томи, шифт қисми ва уй жиҳозлари ёниб зарарланган ҳамда уй эгасининг қизи К.Манзурова куйиш тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.

Ушбу ҳолатлар бепарволик ва эътиборсизлик туфайли содир бўлмоқда. Бундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун ёнғин хавфсизлиги талабларини йоддан чиқарманг.