Спорт | 11:30 / 04.03.2016
2913
2 дақиқада ўқилади

Роналду: «11 футболчини алдаб ўтиб, гол уришни орзу қиламан»

Испаниянинг «Реал» клуби ҳужумчиси Криштиану Роналду клуб расмий сайтига берган интервьюси чоғида ўзининг спорт формаси ва орзу қиладиган голи борасида фикр билдириб ўтди.

«Ўйин даражаси узоқ йиллар тинмай қилинган меҳнатларим, ишга бўлган садоқатим самараси. Йилдан-йилга бу борасида ўзимда ҳеч қандай пасайишни кўраётганим йўқ. Шу руҳда давом этишни истайман. Ҳеч нарса тасодифан юзага келмайди. Агар ҳар куни ўз устингда ишламасанг, меҳнат қилмасанг, иқтидорнинг ўзи етарли бўлмайди. Мен айнан шундай меҳнат қилишга ҳаракат қилиб келмоқдаман. Гап фақат бугун ҳақида эмас, охирги 10 йилдан буён шундай ўйнайман».

«Шу кунгача бир қатор яхши савиядаги голлар киритганман. Орзуимдаги гол эса – бу 11 рақибни алдаб ўтиб гол уриш. Ўйлашимча, ҳаётда бу ишни амалга оширишимнинг иложи йўқ, лекин яна ким билади дейсиз», дея таъкидлади Роналду.