Ўзбекистон ИИВ: 261 нафар хорижлик ва фуқаролиги йўқ шахслар мамлакатдан чиқариб юборилди
20 февралдан буён Ўзбекистон ички ишлар идоралари кенг кўламли «Тозалаш — Антитеррор» тезкор-қидирув тадбирини ўтказмоқда. «Газета.uz» нашрининг ИИВ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бош бошқармасига таяниб ёзишича, тадбирда нафақат милиция ходимлари, балки «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси вакиллари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари ҳам иштирок этмоқда.
Уларнинг вазифалари сирасига «жамоатчилик тартиби, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, террористик актлари, йўл-транспорт ҳодисаларига йўл қўймаслик, ҳуқуқбузарлик ва жиноятга мойил, шу жумладан, муқаддам судланган шахслар билан огоҳлантирувчи профилактика ишларини олиб бориш» кабилар ўрин олган.
Ўтган бир ой мобайнида ишчи гуруҳлар томонидан 90 фоиздан зиёд ҳар хил турдаги объеклар — корхоналар, муассасалар, савдо нуқталари, кўнгилочар масканлар ва бошқалар текширилди. Текширувлар натижасида 143,8 мингдан зиёд маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган бўлиб, уларнинг 36,7 мингдан ортиғи паспорт-виза режимининг бузилиши билан боғлиқ. 261 шахс — хориж давлатлари фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар — мамлакат ҳудудида бўлиш қоидаларини бузгани сабабли Ўзбекистондан чиқариб юборилган.
"Жамоат жойларида спиртли ичимликлар истеъмол қилган 887 нафар шахс, гиёҳванд моддалар қабул қилган 114 киши ва руҳий хасталигига эга бўлган 306 киши даволаниш муассасаларига ётқизилди. Доимий яшаш жойи ва доимий иши бўлмаган, мақсадсиз кезиб юрган 1268 нафар шахс реабилитация марказларига жойлаштирилди. Ота-она назоратисиз қолган 645 нафар вояга етмаган болалар вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига жўнатилди", дейилади хабарда.
Мураббийлар гуруҳи томонидан профилактика инспекторлари раҳбарлиги остида профилактик ҳисобда турувчи 256,5 минг киши ва уларнинг оила аъзолари билан тарбиявий-тушунтириш ишлари ўтказилган.
Бошқа давлатларга узоқ муддатга чиқиб кетган 75 минг кишининг шахси аниқлаштирилиб, ҳисобга олинди. Узоқ муддатдан сўнг хориждан қайтиб келган тахминан 70 минг киши билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг тиббий кўрикдан ўтказиш ва ишга жойлаштириш учун зарур чоралар кўрилган.
Тезкор-қидирув тадбирлар жараёнида қидирувда бўлган 808 нафар жиноят содир этган шахслар қўлга олинди. Бундан ташқари, мамлакат ҳудудида 2763 жиноят фош этилган.
Республикада фаолият кўрсатаётган 246та ЙПХ постлари, блокпостлар ва чегара зоналарида 939 минг машина, шу жумладан, жамоат транспорти, ҳамда юк ва йўловчи поездлари текширувдан ўтказилди. Текширувлар жараёнида 42 кг гиёҳванд моддалар олиб қўйилган.
Профилактика мақсадларида қишлоқлар, маҳаллалар, корхоналар, ташкилотлар ва таълим муассасаларида 13,8 мингдан зиёд учрашув ҳамда давра суҳбатлари ўтказилиб, фуқаролар огоҳликка чақирилган.