Жамият | 10:53 / 25.03.2016
2594
2 дақиқада ўқилади

Татаристон собиқ президенти яқинларини ўлдирган 2 ўзбекистонликка 19,5 йилдан қамоқ жазоси тайинланди

Қозон шаҳрида Татаристон Олий суди мамлакатнинг собиқ президенти қариндошларини ўлдиришда айбланган 2 ўзбекистонликка, – 51 ёшли Инъом Маҳкамов ва 44 ёшли Игорь Сусановга 19,5 йилдан қамоқ жазоси тайинлаган. Рrokazan.ru сайтида хабар қилинишича, ушбу шахслар 2015 йил сентябрда 15 йил аввал амалга оширилган қотилликда айбланиб қўлга олинганди. Тергов давомида аниқланишича, жиноятчилар Татаристоннинг собиқ президенти Минтимер Шаймиевнинг қариндоши ҳисобланган Ринат Ахмадиевнинг уйига “катта пулга эга бўлиш илинжида” босқинчилик ҳужуми уюштирган. Ҳужумда яна бир Галибабин исмли кимса иштирок этган. У айни вақтда вафот этган.

Жиноятчилар республика тери касалликлари диспансерида бош шифокор сифатида ишлаган Ринат Ахмадиев, унинг аёл таниши ва икки фарзандини ўлдиргач, уйдаги баъзи қимматбаҳо нарсаларни ўғирлаб, изларни йўқотиш мақсадида уйни ёқиб юборишган.

2015 йилнинг июнида Маҳкамов Санкт-Петербургга келганида ундан бармоқ излари олинган. Бармоқ излари жиноят жойида аниқланган бармоқ излари билан мос келгандан кейин, у Қозонга етказилган. Жиноятчи ўз айбини тан олган ва ўзининг ҳамтовоқлари ҳақида кўрсатма берган.

Маълум бўлишича, ушбу шахслар қотилликни амалга оширгач, пулларни ўзаро бўлиб олишган ва мамлакат ҳудудидан чиқиб кетишган. Бир неча йил давомида улар Ўзбекистон ҳудудида бўлишган. Улар 2010 йилгача Россияга қайтишмаган. Улардан бири Галибабин бу вақт ичида Беларусь ҳудудида юз берган бахтсиз ҳодиса натижасида ҳалок бўлган. Иккинчи жиноятчи Сусанов Маҳкамовнинг кўрсатмаларидан кейин Новосибирскда қўлга олинган.

Қайд этиш керакки, суд жараёнида прокурор уларга 19 йилдан қамоқ жазоси беришни сўраганди, суд эса янада қаттиқроқ ҳукм чиқарди.