Жаҳон | 11:18 / 19.04.2016
1651
2 дақиқада ўқилади

Австралия бош вазири мамлакат парламентини тарқатиб юбориш ниятидалигини тасдиқлади

Австралия ҳукумати раиси Малколм Тернбулл мамлакат федерал парламентини тарқатиб, шу йилнинг 2 июлига парламент сайловларини белгилаш режаси мавжудлигини тасдиқлади.

"Май ойида бюджет лойиҳасини тақдим этгандан сўнг, парламентнинг икки палатасини ҳам тарқатиб юбориш ва менимча, 2 июлга тўғри келадиган умумхалқ сайловларини белгилашни сўраб, Австралия генерал-губернаторига мурожаат қилмоқчиман", - деган ҳукумат раҳбари журналистлар билан суҳбатда.

Австралия федерал парламенти душанба куни шошилинч равишда фаолиятини бошлашга мажбур бўлди. Одатда, апрель ойида парламентнинг икки палатаси ҳам таътилда бўлиб, май ойида Канберрага қайтиб, ишини бошлайди. Бироқ, Тернбулл, сиёсий анъанани бузиб, депутатларни муддатидан 3 ҳафта аввал, Канберрага йиғишга қарор қилди.

Ҳукумат раиси, парламент юқори палатаси Сенатга бир бора рад этилган қонун лойиҳасини қайта киритишга аҳд қилди. Қурилиш саноати фаолиятини назорат қилувчи комиссияни қайта тиклашга оид қонун лойиҳаси эса Сенат томонидан иккинчи маротаба ҳам маъқулланмаган. Бу эса Тернбуллга парламентнинг икки палатасини ҳам тарқатиб юбориш ва қисқа муддат ичида қайта сайловларни ўтказиш ҳуқуқини беради.

Австралия сайлов қонунчилигига кўра, одатдаги сайлов жараёнида вакиллар палатаси (150 нафар депутат) тўлиқ ва Сенат таркиби (76 нафар сенатор) ярмига янгиланади. Аммо Сенат бирон қонун лойиҳасини икки марта рад этгудек бўлса, бош вазир парламентни бутунлай тарқатиб юборади, бу эса уларнинг тўлиқ янгиланишини англатади.