Жамият | 14:50 / 19.04.2016
2220
2 дақиқада ўқилади

Бутун Тошкентга кайфият улашувчи “сирли отахон” ҳақида ҳикоя

Facebook ижтимоий тармоғидаги “Водители Ташкента (Drivers.uz)” гуруҳида жамоат транспорти ва жойларида ҳеч қачон ҳеч кимдан садақа сўрамайдиган, барчанинг кайфиятини кўтариб юрувчи отахон ҳақида сўз борди. Фойдаланувчилар унинг суратини тармоққа жойлаштиришган.

“Бу ғалати йўловчи кўплаб тошкентликларга таниш. Таёқ устида пиёлани ўйнатиб, болалар ва катталарни қувонтиришга ҳаракат қилаётган отахонни метрода, трамвайларда кўриш мумкин. У ҳеч қачон садақа сўрамайди. Лекин уни кўриб қолсангиз, зерикарли сафар вақтида болаларни хурсанд қилишга ҳаракат қилгани учун, кўнгилдан чиқариб ҳеч бўлмаса майда пул беринг”, — деб ёзади сурат муаллифи.

Сурат остида изоҳ қолдирганларнинг аксарияти отахонни таниган, улар орасида “биринчи марта бундан 10 йил аввал кўргандим”, “биринчи марта кўрганимда ҳали мактабда ўқирдим” деб гувоҳлик берганлар бўлган.

Аммо гуруҳдаги ҳамма ҳам отахон ва у ҳақидаги илиқ фикрларга қўшилмаган. Жумладан, бир изоҳда шундай фикрларни учратиш мумкин: “Тамом, отахон учун роса пиар-кампания бўлди. Энди ҳамма уни қидиришга ва молиялаштиришга киришади. Агар уни яна бир бор кўриб қолсам, интернетда жуда машҳурлиги, у ҳақда илиқ фикрлар билдиришаётганини айтиб, селфига тушиб оламан. Хабар муаллифига раҳмат. Кимдир таёқ устида пиёлани ўйнатиб кўрганми? Мен ҳаракат қилганман, умуман ўхшамаган. Шундай экан, иқтидорни излаймиз. Отахон, қаердасиз?”.