Ўзбекистон | 14:19 / 23.04.2016
5435
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон фуқароси хорижга чиқиши тақиқланган ёки йўқлигини қандай аниқлаши мумкин?

Айрим ўзбекистонликлар, маълум бир сабабларга кўра ўрнатилган тақиқ туфайли хорижга сафар қила олишмайди. Шу боисдан ҳам чет элга кетишдан аввал, яна бир бор текшириб кўриш ортиқчалик қилмайди.

Қўйидаги ҳолатларда, сизнинг хорижга чиқишингизга тақиқ жорий этилган бўлиши мумкин:

- қарздорлик бўйича суд қарори кучга кирган ҳолатда;

- ижро варақаси суд ижрочилари бўлимида бўлса, бунда суд ижрочилари қарздордан қарзни ундириш бўйича ижро иши очган тақдирда

- умумий қарздорлик миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 2 бараваридан кўп бўлса (Суд ёки бошқа давлат органлари қарорларини ижро этиш ҳамда Суд департаменти, ички ишлар органлари ва Давлат чегарасини қўриқлаш хизмати ходимлари билан ҳамкорлик қилишдан бош тортган Ўзбекистон республикаси фуқароларининг хорижга чиқишини тақиқлаш тўғрисидаги низомга мувофиқ, (Адлия вазирлиги, ИИВ ва МХХнинг қўшма қарори билан тасдиқланган, Адлия вазирлигида 1997-рақам билан 25.08.2009 йилда рўйхатга олинган).

Мабодо сиз қарзларингизни барчасини тўлаб, яқин орада хорижга сафар қилишни режалаштираётган бўлсангиз, суд ижрочиларидан тақиқ олиб ташланганига аниқлик киритиб олганингиз маъқул, деб маслаҳат беради uznews.uz интернет нашри, norma.uz сайтида эълон қилинган ахборотга таянган ҳолда.

Кўпчилик, давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ёки солиқ инспекцияси шу каби тақиқларни жорий эта олади, деб нотўғри ўйлайди. Аслида, ундай эмас. Бундай тақиқ фақат суд қарорига кўра амалга киритилади.

Агар сиз уйдан чиқмасдан тақиқ бор йўқлигини аниқлашни истасангиз, қуйидаги ҳавола орқали суд ижрочилари сайтига киришиниз мумкин. У ерда сизнинг исми-шарифингиз қарздорлар рўйхатига киритилмаганига ишонч ҳосил қилсангиз бўлади.

Батафсил маълумот керак деб ўйласангиз, яшаш жойингиздаги суд ижрочилари департаменти бўлимига боришингиз мумкин. Аммо, сиз 2014 йил 3 декабрдаги "Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари тўғрисида"ги қонунга мувофиқ, ёзма мурожаат қилганингиз маъқул. Сизнинг сўровингизга 15 кундан 1 ойгача муддат ичида жавоб беришлари керак.

РФга сафар қилишни режалаштираётган Ўзбекистон фуқаролари, ушбу мамлакатга кириш тақиқланмаганини қуйидаги ҳавола орқали аниқлаб олишлари мумкин.